ЎзА Ўзбек

15.09.2020 Чоп этиш версияси

Мамлакат ташқи қарзи истаган одам фикр юрита оладиган мавзуми?

Мамлакат ташқи қарзи истаган одам фикр юрита оладиган мавзуми?

Ижтимоий тармоқларда чоп этилаётган – Ўзбекистоннинг кейинги йилларда ташқи қарзи ортиб бораётгани ҳақидаги фикрларни ва унга айрим «узоқ-яқиндаги ватандошларимиз»нинг қарашларини ўқиб, беихтиёр ёқа ушлайсан.

Ахир, мамлакат ташқи қарзи соф макроиқтисодий тушунча бўлиб, унинг мазмун моҳиятини тушуниш учун ҳеч бўлмаса одамда иқтисодий таҳлил қила олиш қобилияти бўлиши керакку. Шунинг учун одамларни «гангитишга» ҳаракат қилаётган айрим «иқтисодиётимиз ғамхўрларидан» фарқли равишда, жайдари тилда бугунги вазиятни тушунтириб ўтмоқчиман.

Чиқишларда таъкидланаётганидек, Ўзбекистон коронавирус эпидемиясига қарши курашиш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро молия ташкилотларидан 1 миллиард доллардан кўпроқ кредит олди. Ахир минг йиллик гап бор: «олмоқлик – донолик», деган. Демак, мамлакатимиз шундай пандемиядек оғир шароитда, вақти келса шахсий муносабатларни ишга солиб, ишончга кириб, қарз маблағлари жалб қилаётган экан, буни фақат олқишлаш керакку...

Яна таъкидланаётганидек, Молия вазирлиги мамлакат кафолати остида жалб этиладиган ташқи қарз чегарасини $1 млрдга ($4 млрддан $5 млрдгача) оширишни таклиф қилди. Хўш, мамлакат кафолати нима? Бу шуки – мамлакатга бўлган ишонч, умид, унинг захираларини мавжудлиги дегани... Акс ҳолда пул бераётган хорижликлар ўз пулини ҳавога совурадиган «тентаклар» эмас, ўн мартадан кафолат берилса ҳам, қабул қилишмайди...

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 25 миллиард доллардан кўпайганига алоҳида урғу бериб, «шишириб» таъкидланмоқда. Лекин, бошқа томонда олтин-валюта захираларимиз 34 миллиард доллардан ошганлиги бўйича ижтимоий тармоқларда дурустроқ фикр кўрмайсиз. Яъни, захираларимиз олган қарзларимизни бемалол ёпа олишга имконият бераётганлиги учун ҳам, хорижликлар қўрқмай қарзларини беришмоқда, акс ҳолда улар, юқорида қайд этганимиздек, «бир цент» ҳам бизга раво кўришмасди...

Шунинг учун оддий савол туғилади: пандемия шароитида бор-бутни сарфлаб, мамлакат хазинасини «қуритиб» қўйган яхшими, ёки барча имкониятларни, керак бўлса шахсий муносабатларни ишга солиб, қарзлар олиб, хазинани резерв «ёстиғи» сифатида ушлаб турган маъқулми?!..

Албатта, популистик чиқишлар билан, бирорта баҳона билан олиб борилаётган иқтисодий сиёсатни танқид қилиш - жуда осон. Лекин, агар озгина ватанпарварлиги бўлса, ҳар ким ҳеч бўлмаса бугунги оғир даврларда ақли етмаган мавзуларда чиқишлар қилиб, ўзини кўрсатиб, оддий одамларни чалғитмай, тек турганлари маъқул деб ҳисоблайман.

Замир Ҳолмахмедов,
профессор

5 811
ЎзА