ЎзА Ўзбек

11.05.2019 08:00 Чоп этиш версияси

Макроиқтисодий кўрсаткичлар қандай ҳисобланади?

Макроиқтисодий кўрсаткичлар қандай ҳисобланади?

Статистика қўмитаси изоҳ берди. 

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази эксперти Юрий Наумовнинг www.spot.uz сайтида “Давлат статистика қўмитасининг Ўзбекистон ЯИМ кўрсаткичи тўғрисидаги ҳисоботида нима нотўғри?” номли мақоласи эълон қилиниши муносабати билан, Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича тушунтиришлар берди.

Номи юқорида келтирилган мақолада Давлат статистика қўмитасининг турли даврларда эълон қилинган пресс-релизларида 2017 йил учун ЯИМ бўйича келтирилган маълумотларнинг ўзаро мос эмаслиги тўғрисида сўз юритилган. Бунинг қуйидаги сабаблари бор.

Миллий статистика соҳасида олиб борилаётган очиқлик сиёсати, шунингдек, статистика ахборотларининг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини таъминлаш тўғрисидаги мамлакат Президентининг бир қатор қарорлари натижасида Давлат статистика қўмитаси ЯИМ ва унинг таркибига кирувчи тармоқлар даражасини холисона баҳолаш имконини берувчи статистика услубиётини такомиллаштириш, ҳисобот маълумотларининг тўлиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Давлат статистика қўмитаси доимий равишда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) каби халқаро ташкилотларнинг миллий ҳисоблар статистикаси бўйича экспертлари жалб этилмоқда. Улар иштирокида халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда статистик ёндашувларни қайта қўриб чиқиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, статистика услубиётини такомиллаштириш жараёнида Жаҳон банки, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси, БМТ Халқаро фавқулодда болалар жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва техник кўмагидан кенг фойдаланилмоқда.

2017 йил учун ЯИМ кўрсаткичи бўйича тафовутлар тармоқлар статистикаси маълумотларини қайта ҳисоблаб чиқиш натижалари билан боғлиқ. Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил январь ойида эълон қилинган дастлабки баҳолашларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 249,1 трлн. сўмни ташкил этди. Кейинчалик, 2018 йилнинг май ойида Давлат статистика қўмитаси ЯИМ ҳажмига дастлабки аниқликларни киритди ва унга кўра ЯИМ ҳажми 254,0 трлн. сўмни ташкил этди. Ушбу маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида, шунингдек, ХВЖнинг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (к-МТУТ) доирасида Ўзбекистоннинг йиғма маълумотлар миллий саҳифасида (р-ОСРД) жойлаштирилди.

2019 йил январь ойида Давлат статистика қўмитаси 2017 йил учун ЯИМ кўрсаткичи кенг миқёсда қайта кўриб чиқилди. Бу асосан қишлоқ хўжалиги тармоғи маълумотларидаги ўзгаришлар натижасида келиб чиқди. Бу ўзгаришлар, бир неча йиллар давомида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмини ҳисоблашда бозор нархларига нисбатан сезиларли даражада паст бўлган нархлардан фойдаланилганлиги билан изоҳланади.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барча турлари бўйича ўртача йиллик нархлар қайта кўриб чиқилиб, бозор нархларига ўтказилди. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш миқдори, яъни натура кўринишидаги ҳажмлари ўзгармади. Масалан, 2017 йил учун қайта баҳолашга қадар 1 кг доннинг ўртача йиллик нархи 648 сўмни ташкил қилган бўлса, қайта баҳолашдан кейин 1686 сўмни, сабзавотлар қайта баҳолашга қадар – 895 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 2547 сўмни, полиз экинлари қайта баҳолашга қадар – 865 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 1128 сўмни, тирик вазндаги мол гўшти қайта баҳолашга қадар – 5986 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 17470 сўмни; сут қайта баҳолашга қадар – 577 сўмни, қайта баҳолашдан кейин – 1678 сўмни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўртача йиллик нархлари қайта ҳисоблаб чиқилганидан сўнг ушбу тармоқнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 43,1 трлн. сўмдан 91,0 трлн. сўмга ва мос равишда, ЯИМ ҳажми 254,0 трлн. сўмдан 302,5 трлн. сўмга ошди (+47,9 трлн. сўм қишлоқ хўжалиги ҳисобига, +0,6 трлн. сўм бошқа тармоқларга киритилган аниқликлар ҳисобига). Шу билан бирга, қайта ҳисоблаш натижасида ЯИМнинг ўсиш суръатлари 5,2 % дан 4,5 % гача пасайди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ЯИМ тармоқлари бўйича таркибидаги улуши 19,7 % дан 34,0 % гача ўсди, саноатнинг улуши 27,2 % дан 22,2 % гача, қурилишнинг улуши 6,9 % дан 5,7 % гача, хизматлар соҳасининг улуши 46,2 % дан 38,1 % гача камайди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, маҳсулотларга соф солиқлар кўрсаткичидаги ўзгаришлар Миллий ҳисоблар тизими ва Давлат молияси статистикаси маълумотлари ўртасидаги ўзаро мувофиқликни таъминлаш мақсадида амалга оширилганлиги билан изоҳланади.

Жаҳон тажрибасида қабул қилинганидек, динамик қаторларда ўзаро мувофиқликни таъминлаш мақсадида 2014-2016 йиллар учун ЯИМни қайта баҳолаш ишлари амалга оширилди ва ушбу маълумотлар фойдаланувчилар учун Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтига зарурий тушунтиришлар билан жойлаштирилди (https://stat.uz/uz/statinfo/milliy-hisoblar/statistik-jadvallar). 2019 йил июль ойига қадар ЯИМни 2010 йилдан бошлаб ретроспектив қайта ҳисоблашларни давом эттириш ва уларни Давлат статистика қўмитаси расмий сайтида эълон қилиш режалаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, узоқ даврлар учун статистик кўрсаткичларни бундай қайта ҳисоблаш ишлари тез-тез амалга оширилмайди ва улар, одатда, услубий ёндашувлардаги сезиларли ўзаришлар билан боғлиқдир. Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, Давлат статистика қўмитаси статистик ахборотларни циклли қайта кўриб чиқиш тамойили асосида шакллантиради. Бошланғич босқичда статистик кўрсаткичлар бўйича дастлабки баҳолашлар амалга оширилади, кейинчалик эса ҳисоб-китоблар кенгроқ ахборот базасини олиш асосида аниқлаштирилади. 

Шу билан бирга, дастлабки маълумотларни нотўғри талқин қилмаслик учун фойдаланувчилардан расмий сайтимизнинг “Чорак натижалари” бўлимидаги “Ушбу бўлимда статистик кўрсаткичлар дастлабки маълумотлар ҳисобланади” кўринишидаги ва бошқа эслатмаларга эътибор қаратишингизни сўраймиз. Келгусида Давлат статистика қўмитаси томонидан маълумотлардан фойдаланувчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида расмий сайтни техник жиҳатдан такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.

ЯИМ дефлятори индекси (2018 йил якунлари бўйича – 128,1 %) бўйича шуни таъкидлаш керакки, бу кўрсаткич моҳиятан истеъмол нархлари индекси (ИНИ) кўрсаткичидан фарқ қилади. ИНИ фақатгина истеъмол саватига киритилган чекланган сонли товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини ифодаласа, ЯИМ дефлятори индекси иқтисодиётда ишлаб чиқарилган барча товарлар ва хизматлар, жумладан, инвестицион товарлар, экспорт қилинадиган товар ва хизматлар ҳамда бозорга хос бўлмаган (бепул кўрсатилган) хизматларни ҳам қамраб олади. Шунингдек, ИНИ импорт қилинадиган товарларни ҳам қамраб олса, ЯИМ дефлятори индекси ҳисоб-китобларида фақатгина миллий иқтисодиёт резидентлари томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар ҳисобга олинади.

Бизнинг нашрларимиз бўйича билдириладиган ҳар қандай шарҳлар ва таклифлар учун миннатдормиз бўламиз. Келгусида Давлат статистика қўмитаси томонидан статистик маълумотлар ва уларни ҳисоблаш услубиётида вужудга келаётган ўзгаришлар, шунингдек, бундай ўзгаришларнинг сабаблари батафсил ёритиб борилади. Жамоатчилик билан ўрнатиладиган яқин муносабатлар статистик маълумотларнинг янада тўғри талқин қилинишига ва уларнинг шаффоф бўлишига хизмат қилади.

ЎзА
2 836