Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 12:34 Чоп этиш версияси

"Made in Uzbekistan" кўргазмаси олдидан

Жорий йилнинг 7-9 ноябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”да “Made in Uzbekistan” деб номланган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтади.

Мамлакатимиз иқтисодий соҳа ютуқларини намоён этиш мақсадида ташкил қилинаётган мазкур кўргазмада юқори сифатли, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, хорижлик ишбилармонлар, йирик компаниялар иштирок этиши кутилмоқда. Кўргазма иштирокчилари ва ташриф буюрувчилар маҳаллий саноат корхоналари маҳсулотлари билан танишиш, ишлаб чиқариш тармоқларига жорий этилган инновацион лойиҳалар ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлади.

Айни кунларда кўргазмага тайёргарлик ишлари қизғин паллада. Ишбилармон доира вакиллари учун муҳим аҳамиятли иқтисодий тадбир мазмун-моҳияти, тайёргарлик жараёни бориши ҳақида “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар компанияси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Рустамов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини барчамиз ҳар қадамда ҳис қилиб турибмиз. Бугун барча соҳалар қатори иқтисодиёт тармоқлари, ҳусусан, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, сифатли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик муҳитини эркинлаштириш, қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиш орқали хорижлик инвесторларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳага доир қабул қилинган ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Пировардида, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида ўсиш суръатлари жадал кечмоқда, ишлаб чиқарувчилар сафи кенгайиб, маҳсулотлар тури ва экспорт кўламининг салмоғи ошмоқда. Бунга “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтаётган турли йўналишлардаги кўргазмалар, халқаро тадбирлар мисолида амин бўлиш мумкин. Айтиш жоизки, ҳар йили миллий кўргазмалар мажмуида 40 дан ортиқ кўргазма ташкил этиб келинади. Бу йил улар 70 дан ошди ва янги йўналишлар қамраб олинди. Энг асосийси, кўзланган мақсадларга эришилмоқда, самарадорлик кузатилмоқда, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотларига чет эллик тадбиркорларнинг қизиқиши ортмоқда.

"Made in Uzbekistan" кўргазма-ярмаркасида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар, енгил саноат, фармацевтика, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, қурилиш, халқ истеъмоли моллари, автомобилсозлик, кимё саноати, йўл-транспорт инфратузилмаси, электротехника, телекоммуникация ва ахборот технологиялари, агросаноат ютуқлари, янги турдаги маҳсулотлар, таълим ва бошқа турдаги хизматлар намойиш этилади.

Шунингдек, тадбирда давлат бошқаруви органлари, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлимлари вакиллари, мамлакатимиз банк-молия ташкилотлари иштирок этиши режалаштирилган. Улар кўргазма иштирокчиларига тадбиркорликни ривожлаштириш, ишбилармонларга имтиёзли кредитлар ажратиш, фаолият кўламини кенгайтириш, маҳсулотлар экспортини амалга ошириш билан боғлиқ ўз хизматларини тақдим этади.

Шу боис кўргазма маҳаллий ва хорижий ишбилармон доиралар, йирик компаниялар, хусусий корхоналар вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бугунги кунга қадар унда иштирок этиш истагини билдирган маҳаллий корхоналар сони 200 дан ортди. Шунингдек, қатор йирик хорижий компаниялар иштироки кутилмоқда.

Ҳозир "Ўзэкспомарказ"нинг www.uzexpocentre.uz веб-сайтида ҳам иштирокчиларни масофавий рўйхатга олиш ишлари давом этмоқда. Ишлаб чиқарувчилар ва кўргазмада иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлар сайтимиз орқали "Made in Uzbekistan" кўргазмаси ҳақида батафсил маълумот олиши, тегишли тартибда рўйхатдан ўтиши мумкин.

Кўргазма бир вақтнинг ўзида "Ўзэкспомарказ"нинг 4 павильонида бўлиб ўтади. Унинг доирасида семинарлар, маҳсулотлар ва хизматлар намойиши ўтказилади. Чет эллик ҳамкорлар билан манфаатли шартномалар имзоланади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, кўргазмага тайёргарлик кўриш жараёнида қатор чет эл компанияларидан манфаатли таклифлар келиб тушмоқда. Хусусан, Хитойнинг Шэньси провинциясида жойлашган халқаро порт зонаси маъмурияти ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларни ҳамкорликка чорламоқда. "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида савдо-ҳамкорлик, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг "Сауда Самал" компанияси, Тожикистоннинг "Саховат" савдо мажмуида жойлашган Ўзбекистон –Тожикистон савдо уйи масъуллари тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларга талаб юқори эканини инобатга олиб, ўзбекистонлик ишбилармонлар учун беғараз майдончалар ажратиш, ушбу мамлакатларда маҳсулотлар намойишини ташкил этиш таклифларини билдирмоқда.

Кўргазмада мазкур компаниялар вакиллари ҳам қатнашади ва ишонамизки, келиб тушган таклифлар юзасидан самарали келишувларга эришилади.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 823






Все о погоде - Pogoda.uz