ЎзА Ўзбек

07.12.2018 08:30 Чоп этиш версияси

Маҳсулотларнинг 80 фоизи экспорт қилинади

Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги аёллар пальтоси ишлаб чиқарувчи фабрика янги бинода иш бошлади.

Андижонда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжудларини қўллаб-қувватлаш, барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Шаҳрихон туманидаги “Меҳригиё феруз юлдузи“ масъулияти чекланган жамиятига қарашли мазкур фабрика аввал туман марказидаги кичик, кўримсиз бинода иш юритар, 45-50 хотин- қиз меҳнат қилар эди. 

Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланган жамият раҳбарияти жорий йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди. Янги бино қуриш учун туман ҳокимлиги томонидан Вахм қишлоғидан 1,2 гектар ер майдони ажратилди. Фабрикага Туркия, Хитой давлатларидан илғор технологиялар, янги дастгоҳ ва ускуналар келтириб ўрнатилди. 

– Лойиҳани амалга ошириш учун 5,1 миллиард сўм маблағ сарфланди, – дейди жамият бош директори Абдулҳамид Хурбоев. – Маҳсулотларнинг 80 фоизи Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. 

Айни пайтда барча қулайликларга эга замонавий фабрикада 250 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. 

Фабрика янги биносининг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди. 



Ф.Убайдуллаев, ЎзА
2 424