ЎзА Ўзбек

04.01.2019 19:20 Чоп этиш версияси

Мақсад нафақат маҳсулот етиштириш, ундан яхшигина даромад ҳам олишдир

Жиззахда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташаббуси билан “Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, логистика ва экспортни ташкил қилиш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинарда ҳокимликлар, банклар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, экспертлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари, халқаро молия институтлари, кредит маблағларини жалб қилган сублойиҳа вакиллари иштирок этди.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази мутахассислари, амалиётчи экспертларнинг мамлакатимизда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, логистика ва экспорт қилишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маърузалари тингланди. Халқаро молия ташкилотларининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилган лойиҳалар, истиқболдаги ишлар, мавжуд муаммолар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда илғор тажриба ва инновацияларни, замонавий агротехник тадбирларни қўллаш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ҳамда экспортини йўлга қўйиш, халқаро молия институтлари маблағидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳсулот етиштирувчилар, сақлаш, қайта ишлаш логистика ва экспорт билан шуғулланувчилар эришилган натижалар, дуч келаётган муаммолар бўйича амалий мулоқот қилди.

– Биз ҳудудда мева-сабзавот етиштириш ва уни истеъмолчига етказиб бериш жараёни билан танишиб, бу соҳада ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятимиз кенглигига амин бўлдик, – дейди Жанубий Корея технологияси асосида мева-сабзавотни саралаш технологияларини ишлаб чиқариш компанияси бош вакили Алекс Юн. – Бугунги мулоқот давомида ҳам бу йўналишда эришилган натижалар самарасини янада ошириш мумкинлиги маълум бўлди. Бу йўналишда ўзаро ҳамкорлик янада яхши самара беради.

Ўқув-семинар иштирокчилари саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.



Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 889