Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқалари кенгаймоқда
“Ўзэкспомарказ”да машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш, ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркалари бошланди.
“Ўзэкспомарказ”да машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш, ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркалари бошланди.Тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар иқтисодиётимизни янада жадал ва барқарор ривожлантириш, унинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳаллий хомашё ва саноат ресурсларидан кенг фойдаланиш, шу асосда жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари ташкил этишга хизмат қилади.
Президентимизнинг 2007 йил 12 ноябрдаги “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни маҳаллийлаштириш жараёнини янги сифат босқичига кўтарди. Ушбу ҳужжат мамлакатимиз учун янги бўлган қатор юқори технологияли саноат корхоналари ташкил этиш ва замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, ички бозорни сифатли товарлар билан тўлдириш имконини бераётир.
Ярмарка иштирокчилари сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Ўтган йили тармоқ саноат ярмаркасида 165 корхона иштирок этиб, 1200 турдаги маҳсулотларни намойиш этган ва уларнинг 82 таси маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган янги товарлар эди. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзагросаноатмашхолдинг» холдинг компанияси, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси, «Ўзагромашсервис» уюшмаси таркибига кирадиган 220 дан ортиқ корхона, шунингдек, кичик бизнес субъектлари ва бошқалар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда.
Электротехника саноати корхоналари маҳсулотлари кенг майдонни эгаллаган. Маркетинг ва савдони ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Фаррух Шокировнинг сўзларига кўра, жорий йилги тармоқ саноат ярмаркасида 14 корхона 260 дан зиёд турдаги маҳсулотни намойиш этмоқда. Уларнинг 40 таси мутлақо янгидир. «Sino» акциядорлик жамияти, «Artel» савдо белгиси остидаги компаниялар гуруҳи, «Zenith Electronics» қўшма корхонаси ва бошқалар шулар жумласидандир.
Уларнинг стенди ҳар доимгидек гавжум. Бу бежиз эмас. Негаки, электротехника саноати корхоналари сўнгги йилларда замонавий телевизор, маиший ва саноат музлатгичлари, кондиционер, газ плиталари, чангютгич, энергия тежайдиган лампалар, электр чойнаклар, дазмол, телефон каби мураккаб маиший ҳамда радиотехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Ярмаркада қишлоқ хўжалиги машинасозлигида эришилаётган сўнгги ютуқлар билан ҳам танишиш мумкин. Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводлари, агрегат заводи, «Технолог», «Урганчкорммаш» акциядорлик жамиятлари ва бошқа корхоналар бир неча турдаги трактор, тиркама, пахта териш машинаси, пуркагич, сеялка, роторли ўроқ, ўғит сепгич, шунингдек, пахта териш машиналарининг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, плуг ва культиваторларни намойиш этмоқда.
Тармоқ ярмаркасида «Ўзагромашсервис» уюшмаси корхоналари фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ўз хизматларини таклиф этмоқда. Мазкур корхоналар маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда «Кейс» ғалла ўриш комбайни учун 400 дан ортиқ, «Магнум» шудгор тракторлари учун 100 турдаги янги эҳтиёт қисмлар тайёрланмоқда. «ЎзКейсСервис» қўшма корхонасининг сервис марказлари қишлоқ хўжалиги техникасини таъмирлаш ва сервис хизмати кўрсатишни йўлга қўйди. Корхонанинг мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган филиаллари «Нью-Холланд» ғалла ўриш комбайнлари, «TL 100», «TS 135», «Т-7060» шудгор тракторлари ва сеялкаларни сифатли таъмирламоқда.
Ярмарка иштирокчиларидан бири бўлган «Далварзин таъмирлаш заводи» масъулияти чекланган жамияти дизель двигателларини капитал таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар тайёрлаш, ишдан чиққан деталларни қайта тиклаш хизматларини кўрсатиб, халқ истеъмоли товарлари ва ностандарт ускуналар ишлаб чиқармоқда.
– Дизель ёқилғисидан муқобил ёқилғи – сиқилган табиий газга (метан) ўтказиш заводимиз фаолиятининг янги йўналиши ҳисобланади, – дейди ушбу масъулияти чекланган жамияти директори Абдухалил Восидов. – Оҳангаронда аҳолига хизмат кўрсатаётган ISUZU автобуслари, Тошкент вилоятининг қатор фермер хўжаликлари тракторларини газда ишлашга ўтказдик.
Ярмарка давомида корхоналар томонидан ўтказиладиган тақдимот маросимларида машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини, маҳсулотларни стандартлаштириш, ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш тўғрисида атрофлича маълумотлар олиш мумкин. Шунингдек, тадбир доирасида «Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш – ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш истиқболи» мавзусида семинар ўтказилади.