Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 5 триллион 781 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди
Парламент қуйи палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Парламент қуйи палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасини такомиллаштириш бўйича фаолияти натижалари юзасидан ахбороти эшитилди ва муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда тайёр маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши даражасини ошириш иқтисодиётнинг янада барқарор ва изчил ривожланиши, унинг ташқи омилларга тобелигини пасайтириш, ишлаб чиқириш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис юртимизда маҳаллийлаштириш – саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Соҳани янада ривожлантириш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий асослар яратилган ва бугунги ривожланиш тамойилларидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилмоқда.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида маҳаллийлаштириш дастурига киритилган қатор корхоналар фаолияти ўрганилиб, жойларда маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқотлар ташкил этилди.
Президентимизнинг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бажарилиши юзасидан Иқтисодиёт вазирлиги томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ахборотда келтирилишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида 750 маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 5 триллион 781 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва режа 149 фоизга бажарилган. Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳаларини амалга ошириш натижасида саноат маҳсулотларининг 150 дан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Натижада, 351 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг экспорти таъминланган. Яна бир муҳим жиҳат, дастур доирасида жорий йилнинг уч чораги давомида 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилган.
Депутатларнинг таъкидлашича, маҳаллийлаштириш дастурларини амалга оширишдаги замонавий ёндашувлар туфайли жараёнларнинг шаффофлиги ва тезкорлиги таъминланмоқда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсмоқда. Бу, ўз навбатида, ички бозорларимизни зарур товарлар билан тўлдириш ҳамда экспорт салоҳияти юксалишига хизмат қилмоқда.
Соҳанинг янада ривожланишини таъминлаш учун фойдаланилмаган захиралар ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, жойларда маҳаллийлаштириш дастури аҳамияти, дастур доирасида бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялар, дастурга киритиш механизмлари ҳақида тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш, тайёр маҳсулотлар сотишни амалга оширишда маркетинг тадбирлари суст ташкил этилаётгани, давлат бошқаруви органлари ва тижорат банклари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилишида кечикиш ҳолатларининг мавжудлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш режалари бажарилишининг тизимли мониторингини ташкил этиш, корхоналар дуч келаётган муаммо ва тўсиқларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни ечими бўйича таъсирчан чоралар кўриш масалаларида маҳаллий давлат органларининг масъулиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда иштирокчилар соҳани янада ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазалар билдириб, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар берди. Эшитув якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.