ЎзА Ўзбек

19.08.2015 17:37 Чоп этиш версияси

Маҳаллий хомашёдан сифатли маҳсулотлар

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор, истиқболли бизнес лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани аҳоли фаровонлиги ва бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 440,7 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Бизнесни юритишда ички ва ташқи бозор талаблари пухта ўрганилиб, ишлаб чиқариш жараёни илғор хорижий технологияларга асосланаётгани маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилаётир.

Қува туманида иш бошлаган “Қуббо сут-қаймоқ” корхонасида замонавий технология асосида сутни қайта ишлаш йўлга қўйилди. “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Қува филиалидан олинган 80 миллион сўмлик кредит маблағи корхонани замонавий технологиялар билан жиҳозлашда қўл келди.

Касб-ҳунар коллежини битирган йигирмадан ортиқ ёш меҳнат қилаётган корхонада кунига 2 тонна сут қайта ишланиб, 17 хилдаги сут маҳсулотлари тайёрланмоқда. “Қуббо сут-қаймоқ” номи остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва қадоқланиш дизайни, арзонлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Тайёр маҳсулот вилоятдаги таълим ва тиббиёт муассасаларига, шунингдек, қўшни вилоятларга буюртма асосида сотилмоқда.

– Келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилган, – дейди корхона раҳбари И.Ҳакимов. – Фаолиятимиз ривожида ўтказилаётган савдо ярмаркалари ва турли кўргазмалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Пойтахтимизда бўлиб ўтган кўргазмада хорижлик ишбилармонлар билан танишдик. Ўзбекистон – Хитой савдо уйининг сутни қайта ишлашга ихтисослаштирилган замонавий ишлаб чиқариш линияси бизга маъқул келди. Ушбу технология ўрнатилгач, 40 турдаги музқаймоқ ишлаб чиқарилади ҳамда яна ўнлаб янги иш ўринлари яратилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
6 308