ЎзА Ўзбек

18.08.2015 19:07 Чоп этиш версияси

Маҳаллий хомашё асосида муқобил ёқилғи

Бугун дунёда нефть ва газ захираси тобора камайиб бораётган шароитда муқобил энергия янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёқилғи-энергетика комплексида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллий кўмирдан сувли кўмир ёқилғи суспензияси шаклида фойдаланиш бу борадаги масаланинг энг истиқболли ечимларидан биридир.

Мазут ва табиий газ ўрнида ёқилғининг ушбу туридан оқилона фойдаланиш мамлакатимиз энергетика ва кўмир саноатини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларидандир. Мазкур усул анъанавий усул билан таққосланганда кўплаб иқтисодий, экологик ва бошқа афзалликларга эга. Яъни кўмир ёқиш самарадорлигини ошириш, кўмир кукунидан фойдаланиш, кўмир кулининг портлаш хавфини камайтириш, шунингдек, атмосферага азот ва олтингугурт оксидларининг тарқалиш даражасини қисқартириш имконини беради. Ушбу жиҳатлар ва маҳаллий кўмир хомашёсидан фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, Ангрен қўнғир ва Шарғун тошкўмирлари асосида янги барқарор ёқилғи суспензияларини олиш усулини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 июндаги “2013-2018 йиллар даврида кўмир саноати корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда уни мувозанатли ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ва 2013 йил 30 октябрдаги Лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ишлари ҳисобидан иқтисодиётни ривожлантириш ва кўмир саноати ишлаб чиқаришини бошқариш, ишлаб чиқиладиган янги маҳсулотлар сифат даражасини ошириш тўғрисидаги қарорлари ижроси доирасида сувли кўмир ёқилғи суспензияси олиш ва амалда қўллаш ишлари олиб борилаётир. Мазкур ҳужжатларда саноат тармоқларига замонавий илм-фан ютуқлари ва илғор инновацион технологияларни жорий этиш, жумладан, маҳаллий кўмир асосида сувли кўмир ёқилғи суспензияси ишлаб чиқаришни жадаллаштириш назарда тутилган.

Ўзбекистон йирик кўмир захирасига эга. Олимларимиз томонидан Ангрен қўнғир ва Шарғун тошкўмирлари намуналари бу борада қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун қулай хомашё сифатида ўрганиб чиқилган.

Сувли кўмир ёқилғи суспензиясининг мазут, табиий газ каби бошқа ёқилғи турларига нисбатан афзалликлари, шунингдек, арзон хомашёдан фойдаланиш имконияти инобатга олинган ҳолда, янги турдаги ёқилғи суспензиялари олиш усулларини ишлаб чиқиш мамлакатимиз ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришнинг энг истиқболли йўналишларидан биридир. Хитой, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Германия, Италия, Россия ва бошқа мамлакатлар мутахассисларининг тадқиқотлари кўмирли ёқилғи суспензиялари олиш технологиясини яратиш ва уларнинг хусусиятларини ўрганиш, саноатда қўллаш масалаларига бағишланган. Ушбу тадқиқот ишларида нафақат иқтисодий фойда келтирадиган, балки атроф-муҳит экологиясини яхшилаш имконини берадиган тошкўмирдан фойдаланилган.

Институтимиз ходимларининг ёш олимлар иштирокида олиб борган самарали илмий изланишлари натижасида биринчи марта янги турдаги муқобил суюқ ёқилғи – Ангрен ва Шарғун кони кўмири асосида энергия самарадорлиги юқори ва экологик хавфсиз сувли кўмир ёқилғи суспензиясини олиш, ўрганиш ва қўллаш бўйича муҳим масала ҳал этилди. Янги технология “Atex Тexno Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган машъала горелкасидан фойдаланиш орқали саноат шароитида синовдан ўтказилди ва ўзининг самарадорлигини исботлади. Ушбу технология мамлакатимизнинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва коммунал объектларининг кўплаб иссиқлик ва энергоагрегатларида кенг фойдаланиш учун тавсия этилди.

Мазкур технология яқинда ўтказилган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилди ва ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, муқобил энергетикани янада ривожлантириш мақсадида Умумий ва ноорганик кимё институти томонидан мамлакатимиздаги қатор нефтни қайта ишлаш заводларида нефть кукуни чиқиндиси ва ёнувчи сланец асосида ёқилғи олишга доир долзарб муаммолар ечимини топиш ишлари олиб борилмоқда.

Институтимизда ноанъанавий суюқ ёқилғилар – сувли нефть кукуни ва сувли ёнувчи сланецли ёқилғи суспензияларининг дастлабки тадқиқоти ўтказилди. Таъкидлаш керакки, ушбу суспензиялар янги турдаги муқобил ёқилғи бўлиб, ҳозирча мамлакатимизда қўлланилгани йўқ. Сўнгги йилларда институтимиз олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар самарасида сувли ёнувчи сланецли ёқилғи суспензияси чиқиндисидан қимматбаҳо рангли ва асл металларни ажратиб олиш мумкинлиги аниқланди.

Мухтасар айтганда, муқобил энергия манбаларининг ушбу янги турларидан амалиётда фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш имконини беради ва хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотади.

А.Аъзамхўжаев,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси Умумий ва
ноорганик кимё институти
лабораторияси мудири,
кимё фанлари доктори, профессор.


ЎзА
6 536