ЎзА Ўзбек

15.09.2020 Чоп этиш версияси

Мўйноқда инновацион телетиббиёт клиникаси иш бошлади​

Мўйноқда инновацион телетиббиёт  клиникаси иш бошлади​

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида мамлакатимизда илк маротаба реал вақтда ишлайдиган инновацион телетиббиёт клиникаси ўз ишини бошлади.

Мазкур клиника Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудида ташкил этилган бўлиб, туман ҳокимлиги томонидан ажратилган ер майдонида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси билан ҳамкорликда қуриб битказилди. Клиника АҚШнинг AMD компанияси билан ҳамкорликда телетиббиётга оид зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Клиниканинг асосий вазифаси Мўйноқ тумани мисолида чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини республика марказидаги тиббиёт муассасалари мутахассислари билан реал вақтда алоқада бўлиб (онлайн), уларни тиббий текширувдан ўтказиш ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, терапевтик даволаш бўйича маслаҳат олишдан иборат.

Шифокор масофада туриб беморнинг реал вақтда видеотасвирини кўриб қолмасдан, унинг ички органларидаги ўзгаришлар (ультратовуш аппарати), тери қатлами (дермаскоп), ЛОР (отоскор), юрак қон-томир (стетоскоп, танометр, пельсоксиметр ва электрокардиография), кўз касалликларини (офталмоскоп) ва бошқа замонавий тиббий ускуналар ёрдамида беморнинг ёнида тургандек текшириш, ташхис қўйиш ва уни терапевтик даволаши мумкин. Эндиликда беморнинг тиббий текширувдан ўтиши учун марказга келиш зарурати қолмайди.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланишида асосий омил бўлмоқда.

3 547
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА