ЎзА Ўзбек

10.01.2019 18:54 Чоп этиш версияси

Лучиа Бианчин: "Ўзбекистон ўзининг юз фоиз пахта маҳсулотлари билан дунё бозорига жадал кириб келмоқда"

Лучиа Бианчин: "Ўзбекистон ўзининг юз фоиз пахта маҳсулотлари билан дунё бозорига жадал кириб келмоқда" Германиянинг Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтаётган анъанавий “Heimtextile 2019“ халқаро уй тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаси Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳаси мутахассислари учун хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ҳамда жаҳон бозори талаб ва таклифини ўрганишда яхши имкониятлар эшигини очмоқда.

Бу ҳақда ЎзА мухбирига “Bahmal Group” компанияси директори Баҳодир Аҳмедов хабар берди.

Унинг таъкидлашича, бу кўргазма компания маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб кириш ва тарғиб қилиш имконини бермоқда. Бундай учрашувларда италиялик, хорватиялик вакиллар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган қизиқиши юқори эканини маълум қилган.

“Bahmal Group” компанияси Италиянинг Siretessile Textile Industry компанияси билан 2 миллион доллар, Хорватиянинг Home&professional textiles компанияси билан эса 500 минг доллар миқдорида шартномалар тузиш бўйича суҳбатлар ўтказган.

Музокаралар жараёнида Италиянинг Siretessile Textile Industry компанияси вакили Лучиа Бианчин Ўзбекистон ва “Bahmal Group” компанияси фаолияти ҳақида ўз фикрини билдирган.

– Ўзбекистон давлати ўзининг юз фоиз пахта маҳсулотлари билан дунё бозорига жадал кириб келмоқда, – деди у. – Мана, бугун биз ҳам юртингиздаги “Bahmal Group” компанияси билан келишувга эришдик. Бизнинг йилига олти миллион пагонно метр товарга эҳтиёжимиз бор. Айнан шу эҳтиёжимизни “Bahmal Group” компанияси қондира олади, деган умиддамиз. Кўргазма сабаб биз дастлабки келишувга эришган бўлсак, кейинги ойларда шартномалар асосида муносабатларимизни янада мустаҳкамлаб оламиз.

“Heimtextile 2019“ халқаро уй тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаси бугун ўз ишини якунлайди.

photo5307942866590476869.jpg


Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 156