ЎзА Ўзбек

29.08.2019 Чоп этиш версияси

Лоғон қишлоғида қўшма корхона иш бошлади

Лоғон қишлоғида қўшма корхона иш бошлади

Фарғона вилояти Фарғона туманида “Vodiy-Shoes” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси иш бошлади.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамига туҳфа бўлган йирик корхонанинг очилиш маросимида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар энг чекка ҳудудларда ҳам саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

photo5422710276844792749.jpg

Мамлакатимизда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, қишлоққа саноатни олиб кириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида бу борадаги ишларнинг кўлами янада кенгаймоқда. Бугунги кунда Фарғона туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга шароит яратиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, шу орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Лоғон қишлоғида иш бошлаган мазкур қўшма корхона ҳам ана ишларнинг амалдаги самарасидир.

photo5422710276844792751.jpg

– Янги қурилган қўшма корхонамизда эркаклар, аёллар ва болалар учун бежирим ва сифатли пойабзаллар ишлаб чиқарилади, – дейди қўшма корхона директори Умарали Қамбаров. – Умумий лойиҳа қиймати 8,5 миллион доллар бўлган корхонада Германия, Чехия ва Италиядан келтирилган замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар ўрнатилди. Маҳсулотлар асосан маҳаллий хомашёдан тайёрланади. Бу ерда 150 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди. Бир кунда 2 минг 500 жуфт пойабзаллар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

photo5420291157990157163.jpg

Тадбир иштирокчилари қўшма корхонанинг иш жараёни билан танишди. 

Қўшма корхонанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т. Худайбергенов, Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев, Тожикистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси С.Имомий иштирок этди.

13 462
М. СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА