ЎзА Ўзбек

26.08.2019 Чоп этиш версияси

Лимон, мандарин ва маккажўхори

Лимон, мандарин ва маккажўхори

“Томорқа нафақат қўшимча даромад келтиради, балки фарзандларим тарбиясида ҳам муҳим кўмакчи. Ўн сотихдан кўпроқ майдонда лимонзор ташкил қилган бўлсам, уни кичик-кичик ҳудудларга тақсимлаб, олти фарзандимга бўлиб берганман. Ўзлари парвариш қилиб, ўсимликдаги ўзгаришларни кузатиб боришади. Шу орқали улар ҳалол меҳнат қилиб, ўз кучи билан даромад топишни ўрганмоқда. Очиғи, деҳқончилик қилиб кам бўлмадик, оила аъзоларимиз бандлигини таъминладик, уйимизни замонавий кўринишда қайта таъмирладик. Буларнинг барчаси томорқамиздан олаётгани даромадларимиз самарасидир”.

Бу - Тошкент туманидаги “Чувалачи” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Аброр Нўъмоновнинг фикрлари. Албатта, у бежизга бу сўзларни айтмади.

Айни вақтда бу хонадонга борсангиз, дарвозадан киришингиз билан рўпарада кўм кўк дарахтзор ва унинг ҳосилига кўзингиз тушади. Кичкина ҳовли ҳам саранжом-саришта. Унда гуллар яшнаб турибди. Ишкомда узумлар олтиндай товланмоқда. Атрофда бирорта бегона ўт ёки ортиқча нарса йўқ.

– Бир неча йилдан буён 8 сотихда “Мейер” навли лимон етиштириб келмоқдамиз, – дейди А.Нўъмонов. – Бу нав кўчатлари нисбатан кичик бўлса-да, эрта ҳосил бериши билан бошқалардан ажралиб туради. Яъни кўчат ўтказилгандан кейин икки йилда ҳосилга киради. Ўтган йили ҳар бир туп лимондан ўртача 30 килограммдан ҳосил олдик. Аслида бу ҳосил нисбатан камроқ, агарда кўчатлар орасини кўпроқ очиқ қолдирганимизда ҳосилдорлик ҳар бир дарахтдан 80 килограммдан тўғри келган бўлар экан. Ҳозирда бу маслаҳатни синаб кўриш учун бўш турган яна олти сотих ерда лимонзор яратдик. Уларнинг орасига ўн дона мандарин кўчати экилди. Бу ҳам лимонни ҳосилдорлигини оширишга қўл келар экан.

photo5411470394675801156.jpg

Аброр ака кузда етиштирилган лимонни май ойига қадар сақлашни уддасидан чиқди. Бунинг учун хона ҳарорати 16 даража бўлиши талаб этилар экан. Агар кўрсаткич ошиб кетса, кондиционердан фойдаланиш керак бўлар экан.

Иш кўзини билган одам ердан унумли фойдаланди. Шу боис бу томорқада лимон ораларига ширин маккажўхори қаламчалари ўтказилган. 90 кунда пишиб, сотувга чиқадиган бу экиннинг харидори айни вақтда жуда кўп. Шунингдек, маккажўхори суғориладиган ерлар самарадорлигини оширади.

– Етиштираётган жўхориларимизни супермаркет ва савдо расталарига йил давомида етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида совутгич қурдик, –дейди томорқачи. – Бунинг учун уймиз ертўласидан фойдаланмоқдамиз. У ерни стандарт талаблари даражасида жиҳозлаб, ускуналар жойлаштирдик. Маккажўхори ҳосили йиғилганда шу ерда 18 даражада сақлаб, пешма-пеш харидорга етказиб берамиз. Чунки, бу ҳароратда унинг сифати бузилмайди, кўриниши ҳам бир қайнаганда асл ҳолига келади.

photo5413798653497290152.jpg

Айни вақтда Аброр Нўъмонов Ўзбекистон фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши таъсис этган “Намунали томорқачи” кўкрак нишон соҳиби бўлиш орзусида меҳнат қилмоқда. Қайд этиш жоизки, ўтган йили бу нишон етмишга яқин намунали томорқачиларга топширилган эди.

6 352
Сайёра ШОЕВА, ЎзА