Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари аввалдан тузилган режа асосида амалга оширилмоқда
Мамлакатимизда табиий газдан оқилона фойдаланиш, жойларда истеъмолчилар томонидан ностандарт газ ускуналари ишлатилишининг олдини олиш ва газ босими тушиб кетиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда табиий газдан оқилона фойдаланиш, жойларда истеъмолчилар томонидан ностандарт газ ускуналари ишлатилишининг олдини олиш ва газ босими тушиб кетиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Табиий газ таъминоти борасида айниқса, қиш фаслида айрим ҳудудларда босимнинг пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Тошкент вилоятидаги "Зангиотатумангаз" филиали ходимлари томонидан аҳоли билан суҳбатда хонадонлар, иссиқхоналар ва умумий овқатланиш шохобчаларида қиш мавсумида табиий газдан оқилона фойдаланиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Зангиота туманида табиий газдан фойдаланувчи 41 мингдан ортиқ хонадон, 830 га яқин улгуржи истеъмолчилар ва 120 бюджет ташкилоти мавжуд. Бундан ташқари, чекка маҳалла ва қишлоқларда яшовчи 195 оилага доимий равишда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Қиш фаслида айрим маҳаллалардаги газ босими пасайиб кетадиган кўчаларда яшовчи 5 минг 523 хонадон рўйхати шакллантирилиб, мунтазам равишда суюлтирилган газ билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Ҳудудда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари аввалдан тузилган режа асосида амалга оширилмоқда. Жойларда 990 газ тақсимловчи ускунанинг барчаси кўрикдан ўтказилиб, носозлари тўлиқ қайта таъмирланди. 24 километр қувурлар соз ҳолатга келтирилди. Юқори босимли 116 километр масофадаги ер ости қувурлари синовдан ўтказилиб, аниқланган газ сизиб чиқиш ҳолатлари жойида бартараф этилди.
Пискент туманлараро газ таъминоти Бўка тумани ҳудудий филиалида ҳам куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилиб, аҳолининг табиий газ таъминотига бўлган талабларини қондириш бўйича зарур чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
– Ҳудудда ўрнатилган 380 газ тақсимлаш ускунаси кўрикдан ўтказилиб, соз ҳолатга келтирилди, – дейди филиал раҳбари Б.Аминов. – Газ қувурларининг 80 километрдан ортиғи текширилиб, зичликка синаш ва ҳаво ёрдамида тозалаш ишлари ўтказилди. Тумандаги энг чекка ҳудудларда жойлашган 113 дан ортиқ хонадонга суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича амалий ишларни бошлаб юборганмиз.