Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 15:28 Чоп этиш версияси

“Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган туманидаги “Merrymed Farm” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишиб, фармацевтика йўналишида янги корхоналар қуришда аҳоли талабини ўрганиш, ҳудудларда импорт ўрнини босувчи сифатли дори воситалари ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ҳам фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий дори-дармон воситалари бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдириш, шифобахш ўсимликлар, яъни дори-дармонлар хомашёсини ўзимизда етиштириш истиқболларини белгилаб берди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ Наманган вилояти Косонсой туманида “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Бу ерда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳалари асосида юқори сифатли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини ошириш имкониятини янада кенгайтиради.

“Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун 32 гектар ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш плантациялари учун 100 гектар ер майдони ажратилди.

– Ҳозир зона ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, – дейди “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонаси раҳбари Ю.Мубораков. – Табиий газ ва электр энергияси билан бир меъёрда таъминлаш мақсадида 3 километр масофадан газ ва электр тармоғини тортиш, трансформаторни янгилаш ишлари якунланди. Бу ишларга 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. 2019 йилгача мавжуд сув қудуғини реконструкция қилиш, янги қудуқ қазиш, бир километрдан зиёд ичимлик суви ҳамда 2,5 километр оқова сув, 10 километрдан зиёд оптик толали алоқа тармоғини тортиш, келгуси йилда 3 километр йўлни таъмирлаш ва қуриш каби 2 миллиард сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

“Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида амалга ошириш учун тақдим этилган лойиҳалардан 22,3 миллион долларлик еттитаси устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, 2019 йил “Kasansay Biopharm” хорижий корхонаси (Ҳиндистон) томонидан дори воситалари учун хомашё, “Мед диагноз фарм” масъулияти чекланган жамияти томонидан тиббий ускуналар, тиббий лаборатория диагностикумлари ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, “Даво” хусусий корхонасида тиббиёт қўлқопи, тиббиётда фойдаланиладиган пахта ҳамда доривор воситаларни қуритиш лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, 2019 йилнинг биринчи чорагида “Саломатлик Диёр Келажак сари” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2018-2021 йилларга мўлжалланган анальгин, димедрол, парацетамол, диазолин, В12 витамини, рибоксин каби 60 дан ортиқ турдаги дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича уч босқичли лойиҳанинг биринчи босқичи, “Тад мед фарм” масъулияти чекланган жамиятининг 2018-2020 йилларда 120 турдаги дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси дастлабки босқичлари ҳам ишга туширилади.

Бугунги кунда бино-иншоотларида қурилиш-монтаж ишлари 70 фоизга бажарилган “Спринг Фармацевтик” масъулияти чекланган жамияти янги йилдан 100 турдаги дори воситасини ишлаб чиқара бошлайди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

“Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси нафақат вилоят ёки мамлакатимиз миқёсида, балки жаҳон фармацевтика саноатида ўз мавқеига эга, давлатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз ҳаёт фаровонлигини янада оширишга хизмат қиладиган муҳим иқтисодий таянч нуқталаридан бири бўлади.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
2 720






Все о погоде - Pogoda.uz