ЎзА Ўзбек

17.01.2019 15:52 Чоп этиш версияси

Корхоналар умумбелгиланган тартибда солиқ тўлайдими?

Корхоналар умумбелгиланган тартибда солиқ тўлайдими?

Жорий йил 1 январдан бошлаб Тошкент вилоятида қарийб 1 минг 500та корхона умумбелгиланган солиқларни тўлаш тартибига ўтади.

Бу ҳақда солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли бажариш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишларни амалга ошириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳнинг ўқув семинарида маълум қилинди.

Тошкент туманида бўлиб ўтган мулоқотда вилоят прокуратураси, давлат солиқ, молия, иқтисодиёт ва статистика бошқармалари раҳбарлари, банк соҳаси вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

Амалий машғулотда Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида“ги фармони асосида тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар, 2019 йилдан солиқ қонунчилигига татбиқ этиладиган янгиликлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.

Қайд этилганидек, ҳисобот йили якунларига кўра, 1 миллиард сўм маҳсулот айланмасига эга бўлган ёки эга бўлиши кутилаётган барча хўжалик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан бошлаб умумбелгиланган солиқлар тўловига ўтиши белгиланган. Шунга мувофиқ, жорий йил 1 январдан бошлаб вилоятдаги 1 минг 491 корхона умумбелгиланган солиқлар тўловига ўтади.

Тадбирда қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаб чиқиш ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш ҳамда бюджет билан ўзаро муносабатлар, камерал назорат ва солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди.

– Ҳар бир туман ва шаҳарда тадбиркорлар билан солиқ ислоҳотларига оид амалий семинарлар ўтказилмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси мудири З.Қўлдошева. – Олиб борилган тушунтириш-тарғибот тадбирлари натижасида 400 та корхона стандарт, 179 таси соддалаштирилган қўшимча қиймат солиғини тўлаш тизимига ўтишини маълум қилди. Шунингдек, 76 нафар якка тартибдаги тадбиркор қайтадан давлат рўйхатидан ўтиб, ягона солиқ тўловчисига айланди.

Мулоқотда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Худди шундай ўқув семинарлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, йирик корхоналарида ўтказилмоқда.

Авазбек Худойқулов, ЎзА​​
4 813