ЎзА Ўзбек

25.08.2018 12:18 Чоп этиш версияси

Корхонада сентябрь ойидан стипендия тўлаб ўқитиладиган малака ошириш курслари ташкил этилади​

Корхонада сентябрь ойидан стипендия тўлаб ўқитиладиган малака ошириш курслари ташкил этилади​
Бухоро вилояти Олот туманидаги Арабхона қишлоғида “Шерзод Отамуродов равнақи” оилавий корхонаси иш бошлади.

Унинг очилиш маросимида маҳаллий давлат ҳокимияти ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Ибрагимова, Олот тумани ҳокими Ш.Саломов ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган турли лойиҳалар юксак самара бераётганини таъкидлади.

Корхонани ташкил этишда тадбиркор Шерзод Отамуродовга ҳудудда фойдаланилмай турган бинонинг инвестиция киритиш шарти билан "ноль" қийматда берилгани ҳамда тижорат банкининг 250 миллион сўмлик кредит маблағи қўл келди. Тадбиркор бу лойиҳага ўзининг қарийб 50 миллион сўм сармоясини ҳам йўналтирди. Тикувчилик йўналишидаги корхона замонавий тикув машиналари ҳамда бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Корхонада 30 нафар хотин-қиз доимий ва 20 нафар аёл касаначилик асосида ишламоқда.

– Ўзимга мос иш тополмаганим сабаб вақтинча бекор юришга мажбур бўлдим, – дейди тикувчилардан бири Гулноза Бердиева. – Қишлоқда тикувчилик цехи очилгани мен учун қулай бўлди. Тажрибам борлиги боис ишга қабул қилиндим. Бу ерда кўпчилик қатори менга ҳам туман бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддилари томонидан меҳнат дафтарчаси топширилди.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан яна янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилиб, ушбу тикувчилик корхонасида сентябрь ойидан стипендия тўлаб ўқитиладиган икки ойлик малака ошириш курслари ташкил этилади. Унда хотин-қизлар бичувчилик ва замонавий тикиш машиналарда ишлаш кўникмасини эгаллайди.

Талаб ва таклиф натижаларига кўра, корхонада йил охирига бориб, замонавий бичим ва андазалар асосида хотин-қизлар ва эркаклар учун янги дизайндаги кийим-кечаклар тикиш йўлга қўйилади. Бу иш ўринлари сони яна кўпайишига хизмат қилади.

Эркин Ёдгорова, ЎзА​
2 751