ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Корхона маҳсулотлари экспорт қилинмоқда

Корхона маҳсулотлари экспорт қилинмоқда

Паркентлик Ирода Мирзукурова бундан икки йил муқаддам тижорат банкидан 20 миллион сўм миқдорида кредит олиб, «Ойқиз она қизлари» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги тикувчилик корхонаси фаолиятини йўлга қўйган эди.

– Бирор ишни бошлаганда яқинларнинг далдаси, ишончи одамга куч-қувват берар экан, – дейди тадбиркор. – Онам ва яқинларимнинг кўмаги, айниқса, туман ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши, хусусан, кредит ажратилишидаги ёрдами мени руҳлантириб, ишни янада жонлантиришга туртки бўлди.

Дарҳақиқат, тадбиркорлик осон иш эмас. Айниқса, тикувчилик корхонасини юритишнинг ўзи бўлмайди. Хомашё топиш, ускуналарни бошқариш, тайёр маҳсулотларни сотиш учун бозор топиш, ишчиларга ойлик маош бериш учун доимо елиб-югуриш керак. Дастлаб Ирода ҳам бироз қийналди. Маблағ етишмаслиги сабабли цехни тўлиқ қувватда ишлатишнинг имкони бўлмади. Муаммо яна маблағга бориб тақалди. Банкдан яна кредит олишга тўғри келди. Ўтган йили 30 миллион сўм миқдорида кредит олгач, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйишга муваффақ бўлди.

photo_2020-06-30_22-20-59.jpg

Айни пайтда Ирода Мирзукурова бошчилик қилаётган корхона тўлиқ қувват билан фаолият кўрсатяпти. 25 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланиши билан бирга, жамоага энди келаётган хотин-қизларга тикувчилик сир-асрорлари ҳам ўргатиб, шогирдлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Энг асосийси, корхона маҳсулотлари харидоргир. Импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганлиги боис, уларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Сифати, пишиқ-пухталиги, ташқи дизайни жиҳатидан маҳсулотлар хорижникидай қолишмайди. Шу боис, жамиятнинг молиявий имконияти ҳам яхшиланиб бормоқда.

Тайёрланган маҳсулотлар – кўрпа-ёстиқ жилдлари, эркаклар кийимлари, трикотаж маҳсулотлари юртимиз ички бозори билан бирга, Россия ва Қозоғистон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Хуллас, Паркент туманидаги «Ойқиз она қизлари» корхонасида ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар “Made in Uzbekistan” бренди остида хорижга жўнатиляпти.

4 348
Дониёр ҚУРБОНХЎЖАЕВ ЎзА