ЎзА Ўзбек

18.10.2012 17:50 Чоп этиш версияси

Корхона имкониятлари кенгаймоқда

Навоий шаҳридаги “Ҳосил – гарови ишонч” тикувчилик корхонаси маҳсулотларига талаб тобора ортмоқда. Чунки корхонага хориждан замонавий тикув машиналари келтирилгани сифатли кийим-кечак ва трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш имконини бераётир.

– Жорий йилда 410 миллион сўмлик инвестиция жалб қилиш орқали фаолиятимизни йўлга қўйдик, – дейди корхона раҳбари М.Назаров. – “Агробанк”нинг Навоий вилояти филиалидан олинган 80 миллион сўмлик кредит ҳисобидан 16 замонавий тикув машинаси келтириб ўрнатдик. Ҳозирги кунда 20 нафар ёшлар меҳнат қилаётган корхонамизда турли уй-рўзғор буюмлари ва болалар кийимлари тайёрланмоқда.

Корхонада ишчи-ходимлар малакаси юқори бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бугунги кун ишчиси замонавий техника билан “тиллаша” олиши зарур. Шундагина харидорнинг диди ва талабига яраша маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Корхона жамоасининг мақсади – экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш. Ҳозир янги линияларни ишга тушириш борасида қизғин иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда Италиянинг “Santoni” компанияси билан трикотаж маҳсулотлари тайёрловчи ускуна сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди. Ушбу қувватлар ишга туширилиши билан корхонада яна 30 га яқин иш ўрни яратилади. Даромад ҳам бир неча баробар ортади.


ЎзА, Н.Раҳимов
8 683