ЎзА Ўзбек

19.06.2018 14:54 Чоп этиш версияси

Корхона фаолияти кенгаймоқда

Корхона фаолияти кенгаймоқда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Китоб агропласт” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган турли ўлчамдаги пластмасса қутилар, айниқса, мева-сабзавот етиштирувчи хўжаликлар орасида харидоргир.

Вилоятнинг Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманлари асосан мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган. Пишиқчилик мавсумида мева-сабзавотни жойлаш учун арзон ва қулай қутиларга эҳтиёж тобора ортади. Мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган пластмасса қутилар ушбу эҳтиёжни тўла қондираётир.

2007 йилда ташкил этилган корхонада яшик ишлаб чиқариш цехи, бир гектар лимонарий, бир гектар анорзор ва 2 минг тонна сиғимли музлатгич мавжуд. 15 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада хориждан келтирилган замонавий ва тежамкор технология ўрнатилиб, кунига 700 донагача яшиклар ишлаб чиқарилмоқда. 

3 (1).jpg

Бундай пластмасса яшиклар мевани ташишга қулайлиги ва арзонлиги билан аҳамиятлидир. Унинг ранги ва ўлчами буюртмачиларнинг талаби асосида танланади ва тайёрланади.

– Бугунги тадбиркор талабчан ва интилувчан бўлиши лозим, – дейди корхона раҳбари Ш.Ҳасанов. – Шу боис корхонамиз фаолиятини йилдан-йилга кенгайтириб бормоқдамиз. Масалан, корхона ташкил этилганда фақат яшик ишлаб чиқарилган бўлса, босқичма-босқич лимонарий, икки йил олдин бир гектар ерда анорзор барпо этилди. Ўтган йили музлатгич қурилди. Буларнинг ҳаммаси давлатимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган имтиёз ва қулайликлар самарасидир.

Термос усулида ташкил этилган иссиқхонада лимон баравж ўсаётир. Корхона ишчиларининг айтишича, ҳар бир туп лимон дарахтидан 20-25 килограммгача ҳосил олинади. Анор ҳам жорий йилдан шиғил ҳосилга кирган. Унинг парвариши уста боғбонлар иштирокида оби-тобида амалга оширилмоқда.

Мавсумда музлатгичга йиғилган турли сархил мевалар ички бозордан ташқари, экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

– Ўтган йили музлатгичга тўпланган олма, узум, хурмо, лимон каби мевалардан 100 тоннаси экспорт қилинди, – дейди корхона иш юритувчиси Ж.Муҳаммадиев. – Қолганлари ички бозорда сотилди. Мана, бу йилдан анор ҳам қўшилади. 1000 туп аноримиз бор. Нави “Варганза” деб аталадиган бундай анорга хорижда талаб жуда катта. Келажакда корхона фаолиятини янада такомиллаштириш ва шунинг ҳисобидан қўшимча иш ўринлари яратишни мўлжаллаяпмиз.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
4 715