ЎзА Ўзбек

09.07.2019 17:30 Чоп этиш версияси

Кореялик инвестор: 23 йилдан буён Ўзбекистонда барқарор фаолият юритмоқдамиз

Кореялик инвестор: 23 йилдан буён Ўзбекистонда барқарор фаолият юритмоқдамиз

Қўшма корхоналар 

Фарғона вилоятида 300 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, айни кунларда тўғридан-тўғри инвестициялар асосида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, йилдан-йилга ҳудудларга ҳам инвестиция оқими фаол кириб келмоқда.

Жанубий Кореянинг “Daewoo textile” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси ҳам вилоятда самарали фаолият кўрсатмоқда. Дунё тўқимачиларига маъқул бўладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бу корхонада тайёрланаётган маҳсулотнинг 80 фоизи чет элга экспорт қилинмоқда. Хитой, Япония, Туркия каби давлатлар маҳсулотнинг асосий харидорларидир. Шунингдек, Россия, Украина ва Беларусь каби давлатларнинг етакчи тўқимачилик корхоналари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган.

1.JPG

Бугунги кунда Фарғона, Тошлоқ ва Қумтепадаги фабрикаларда 3 минг 264 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлиб, уларнинг 2 минг 105 нафари хотин-қиздир. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда 538 миллиард 260 миллион сўмликдан ортиқ ип-калава ва мато ишлаб чиқарилиб, 52 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди.

“Daewoo textile” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасининг бош директори Чо Синг Хён ЎзА мухбирига эксклюзив интервью берди.

4.JPG

– Ўзбекистон Республикаси ва Жанубий Корея давлатлари географик жиҳатдан узоқлигига қарамай, тинчлик ва эзгуликни мақсад қилган ушбу икки мамлакатни мустаҳкам алоқалар узвий боғлайди ва яқинлаштиради. Жанубий Корея бошқа давлатлардан анча аввал Ўзбекистон билан машинасозлик, электроника, тўқимачилик, коммуникация каби соҳаларда ҳамкорликни бошлаган. Бизнинг корхонамиз юқорида келтирган фикримизнинг ёрқин намунаси бўла олади. 1996 йилда ташкил топган корхонамиз қарийб 23 йил давомида тўқимачилик саноатида фаолиятини барқарор тарзда олиб бормоқда.

Кореядаги бош офисимиз «POSCO International» ташаббуси билан ўтган йилнинг ўртасидан бошлаб ишлаб чиқариш жараёнига QSS+ деб номланган инновацион ҳаракат амалиётга жорий этилди. Бу тизим, аввало, ишлаб чиқаришда хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини ташкил этишни назарда тутади. QSS+ тизими доирасида дастгоҳларга хизмат кўрсатиш ва қувват сақловчи электр агрегатларини ўрнатиш орқали киритилаётган инновацион ғоялар маҳсулот унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш сарф-харажатларини камайтириш, дастгоҳларнинг хизмат қилиш даврини узайтиришга ёрдам беради.

5.JPG

Асосий фаолиятдан ташқари, корхонамиз юртингизда турли ижтимоий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда «POSCO International» ҳомийлигида кореялик малакали шифокорлар бепул хайрия акцияларини ўтказиб келмоқда. Ундан ташқари, Фарғона вилояти таълим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

7.JPG

Самимият билан айта оламанки, корхонамиз қандай ютуқларга эришган бўлса, ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги ва ҳалоллиги, Ўзбекистон Республикасининг хорижий инвесторларни қўллаб-қувватловчи ва бизнесни ривожлантиришга қаратилган тўғри сиёсати туфайли шу даражага эга бўлди. Давлатингиз тез суратларда ривожланаётгани, сўнгги дамларда ҳар жабҳада кўплаб ижобий ўзгаришларга юз тутаётганига шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўляпман. Албатта, Ўзбекистонда биз каби хорижий инвесторлар учун кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилган бўлиб, улардан ўз фаолиятимизда фойдаланиб келмоқдамиз.

М.СУЛАЙМОНОВ, Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА
2 160