ЎзА Ўзбек

14.05.2019 17:14 Чоп этиш версияси

Корея ишбилармон доира вакиллари билан музокаралар

Корея ишбилармон доира вакиллари билан музокаралар

Мамлакатимизга Корея Республикаси ишбилармонлари вакилларидан иборат делегациянинг ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида 14 май куни Ўзбекистон – Жанубий Корея кооперацион биржаси ўтказилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш, косметика каби қатор йўналишларга ихтисослашган компаниялари раҳбарлари, тадбиркорлар иштирок этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий шериклик жадал ривожланиб бормоқда. Мамлакатларимиз товар айирбошлаш ҳажми 2018 йилда 2,1 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилди. Бундай юқори натижаларга эришишда мамлакатимизда фаолият юритаётган жанубий кореялик инвесторлар иштирокидаги 660 та корхона муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу корхоналарнинг 354 таси тўлиқ Жанубий Корея капитали иштирокида ташкил қилинган.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг апрель ойида мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилаб беришга хизмат қилди. Шу билан бирга ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида ўтказилган бизнес-форумда умумий қиймати 12 миллиард АҚШ долларидан зиёд битим ва келишувларга эришилди.

Жанубий Корея делегациясининг мамлакатимизга бу галги ташрифи ҳамкорликда эришилган келишувларни амалий мазмун билан бойитиш, савдо-иқтисодий шерикликни янги тармоқ ва йўналишлар ҳисобига кенгайтириш имконини берди.

photo5393529259718453994.jpg

– Ўзбекистон бозори биз учун ишончли ва истиқболли манзил, – дейди кооперацион биржа иштирокчиси, Жанубий Кореянинг “MK Bio Science Co Ltd” компанияси директори Деннис Ан. – Биз чорва моллари, паррандалар озуқаларига қўшиладиган биологик фаол моддалар ишлаб чиқарамиз. Шифобахш ва дармондориларга бой ўсимликлар экстрактларидан тайёрланган маҳсулотларимиз антибиотиклар ўрнини босади. Мазкур кооперацион биржада ўзбекистонлик тадбиркорлар билан савдо-инвестициявий ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқдик.

Тадбир доирасида Корея ва Ўзбекистон ишбилармонлари вакиллари LED дисплейлари, тиббиёт жиҳозлар, ҳавони тозаловчи ускуналар, косметика, қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби соҳаларда қўшма бизнес лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган музокараларда қатнашди.

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА
2 527