Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда, маҳаллийлаштириш кўлами кенгаймоқда

“Ўзэкспомарказ”да геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати ҳамда ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркаси очилди.

“Ўзэкспомарказ”да геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати ҳамда ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркаси очилди.

Тадбир Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 1 декабрдаги “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ўтказилмоқда.

Ҳар йили ўтказилаётган тармоқ саноат ярмаркалари корхоналарга ишлаб чиқариш ва қайта ишланган хомашё, материал ва бутловчи буюмлар, тайёр маҳсулотларни етказиб беришда узоқ муддатли хўжалик алоқаларини кенгайтириш ҳамда тармоқ ва тармоқлараро кооперация асосида янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ушбу тадбирларга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётгани эътиборга лойиқ. Масалан, ўтган йилги форумда 250 дан ортиқ корхона иштирок этиб, қарийб икки минг турдаги янги маҳсулотларни тақдим этган эди. Уларнинг 90 тури Маҳаллийлаштириш дастури бўйича ўзлаштирилган янги маҳсулотлардир. Жорий йилда иккита йирик комплексни бирлаштирган кўргазмалар майдонида 300 дан ортиқ саноат корхонаси 2,5 минг турдан ортиқ маҳсулотларни намойиш қилмоқда. Уларнинг 100 тури янги маҳсулотлардир.

Иштирокчилар орасида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси таркибидаги корхоналар алоҳида ажралиб турибди. Айни пайтда соҳада ишлаб чиқаришни кенг кўламли модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.

Тармоқ саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгазқазибчиқариш”, “Ўзгеобурғунефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзнефтмаҳсулот”, “Ўзнефтгазмаш”, “Ўзнефтгазқурилишинвест” акциядорлик компаниялари ва бошқа корхоналар фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан геология-қидирув ишлари, углеводород хомашёсини қазиб олиш, қайта ишлаш ва транспортировка қилиш, нефть-газ объектларини қуриш, машинасозлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан тортиб илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ишлари ва тайёр маҳсулотларни ички ҳамда ташқи бозорда сотишгача бўлган барча турдаги нефть-газ амалиётлари бажарилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси маълумотларига кўра, 2014 йилда янги турдаги буюмларни ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш ҳисобига 12 лойиҳа бўйича маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 28,3 миллиард сўмдан ортди. Маҳаллийлаштириш самараси эса 13,2 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Жорий йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида соҳадаги 30 лойиҳа бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 87,7 миллиард сўмдан ошади. Айни пайтда иқтисодий самара 36,3 миллион доллардан кўпроқни ташкил этади.

“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси корхоналари мамлакатимиз энергетика комплексини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини намойиш этмоқда. Айни пайтда соҳада энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш, маҳсулотлар энергия сарфини камайтириш бўйича лойиҳалар амалиётга жадал татбиқ қилинмоқда.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти тармоқ ва унинг бўлинмаларини бошқариш тузилмаси, кўмир қазиб олиш ва технологик транспортни такомиллаштириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида қатор чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан бирга импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 5 ойида қиймати 1,4 миллиард сўмдан ортиқ бўлган маҳаллийлаштирилган маҳсулот тайёрланди ва сотилди. Йил охиригача мамлакатимизнинг кон-шахта ва кон-транспорт асбоб-ускуналарига эҳтиёт қисмлар ва буюмлар ишлаб чиқарадиган заводлар билан кооперацияни амалга ошириш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Тармоқ саноат ярмаркасида “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибидаги 11 корхона иштирок этмоқда. “Навоийазот” очиқ акциядорлик жамияти, “Максам-Чирчиқ”, “Аммофос Максам”, Деҳқонобод калий ўғитлари заводи ва бошқа корхоналар томонидан 150 турдан ортиқ маҳсулот, жумладан, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган 50 турдаги маҳсулот намойиш қилинмоқда.

– Ярмаркада 60 турдаги кимё маҳсулотлари, асосан ўғитларни тақдим этмоқдамиз, – дейди “Навоийазот” очиқ акциядорлик жамияти маркетинг бюроси бошлиғи Г.Муртазоева. – Бундан ташқари, яқинда ўзлаштирилган янги турдаги маҳсулотлар, жумладан, хлорли темир, винилацетат, бертоле тузи ва бошқаларни таклиф қиляпмиз. Ўтган йили форум доирасида умумий қиймати 20 миллиард сўмлик шартномалар имзолаган эдик. Жорий йилда бу кўрсаткични 10 фоизга оширишни мўлжаллаяпмиз.

“Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамияти ҳамкор тармоқлар корхоналарига комбинат эҳтиёжлари учун зарур бўлган 15 турдаги маҳсулотни ўзлаштиришни таклиф қилмоқда. Шунингдек, комбинат томонидан жорий йилда ўзлаштирилган маҳсулотлар – базальт плиталар, пайвандлаш электродлари, сирланган идиш-товоқлар ва бошқа кўплаб товарлар тақдим этилмоқда.

“Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамиятининг инвестициялар бўлими бошлиғи Н.Умеровнинг сўзларига кўра, ўтган йили саноат форуми доирасида умумий қиймати 178,6 миллиард сўмлик асбоб-ускуна харид қилиш юзасидан 276 шартнома имзоланган.

Тадбир доирасида намойиш этилаётган маҳсулотларни харид қилиш, талаб юқори бўлган импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ўзлаштириш борасида саноат кооперациясида иштирок этиш, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиқаётган хорижий шериклар жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2013 йилда “Ангрен” махсус индустриал зонасида ташкил этилган “Uz-Prista-Recycling” Ўзбекистон – Болгария қўшма корхонаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Қўшма корхона 30 номгача бўлган синтетик мотор мойларини ишлаб чиқаради. Корхона маҳсулотлари ички ва ташқи бозорга етказиб берилаётир. Компания вакилларининг таъкидлашича, жорий йил охиригача фойдаланилган техник мойни тўплаш ва қайта ишлаш технологик цикли асосида таянч ва мотор мойларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Бунинг самарасида 50 янги иш ўрни ташкил қилинади.

Тармоқ саноат ярмаркасида Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексининг 30 га яқин корхонаси қатнашмоқда. Улар рақамли телевидение приёмниклари, турли хил модемлар, IPTV-приставкалар ва мультиплексорлар, стационар ва мобиль телефонлар ҳамда бошқа турдаги юқори технологияли маҳсулотларни намойиш этмоқда.

Илмталаб, конструкторлик ва электрон-техника буюмларини ишлаб чиқиш, лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Telmax Elektroniks” корхонаси стенди алоҳида ажралиб турибди. Корхона маҳсулотлари алоқа ва телекоммуникациялар тизими, шунингдек, халқ хўжалиги тармоқлари, жумладан, ахборотлаштириш тизимлари учун саноат-техник мақсадга қаратилган буюмлар ишлаб чиқаришда фойдаланишга мўлжалланган.

“Telmax Elektroniks” корхонаси бош муҳандиси А.Мавлоновнинг сўзларига кўра, ўтган йили тармоқ саноат ярмаркаси доирасида юқори технологияли маҳсулотлар етказиб бериш бўйича 4 шартнома имзоланган. Жорий йилда телекоммуникацион ва антивандал шкафлар, IP-телефония учун асбоб-ускуналар ўрнатиш юзасидан саккизта шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Идоралар ва хўжалик бирлашмалари техник ва технологик имкониятларини тўла намоён этиш учун ўз корхоналарини тақдимотини ўтказмоқда.

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.