Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 20:14 Чоп этиш версияси

Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда

«Ўзэкспомарказ»да соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари, Таълим ва илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексларининг тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 мартда қабул қилинган «2017 йилда халқаро саноат ярмарка ва кооперация биржасини ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўтказилган ушбу тадбир тармоқлараро алоқаларни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш дастурларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлмоқда.

Саноат ярмаркасида Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги ва уларнинг таркибига кирувчи корхоналар, енгил саноат маҳсулотлари, мебеллар, спорт анжомлари, маиший техника воситалари ишлаб чиқарувчи беш юз ўттиздан ортиқ корхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти иштирок этди.

Вазирлик, қўмита, бошқарма, муассаса ва ташкилотлар ва ишлаб чиқариш субъектлари, хусусий тадбиркорлик корхоналари ўртасида маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш бўйича қатор шартномалар имзоланди. Шунингдек, янги турдаги саноат маҳсулотларини ўзлаштириш бўйича келишувларга эришилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида тиббиёт муассасаларини замонавийлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш бўйича ҳам долзарб вазифалар белгиланган, – дейди Олмазор туманидаги 16-оилавий поликлиника бош шифокори Дилноза Мирзаева. – Бу вазифаларни бажариш, хусусан шифо масканларини замонавий жиҳозлар билан таъминлашда саноат ярмаркаси ташкил этилгани айни муддао бўлди. Ярмаркада «Гарант мебель» корхонаси томонидан намойиш этилаётган шифохона жиҳозлари бизга манзур бўлди. Ушбу корхона билан маҳсулот хариди бўйича қарийб йигирма миллион сўмлик шартнома туздик.

Андижон шаҳридаги «Жаҳон саноат метали» кичик корхонасида ишлаб чиқарилаётган энергия ва ресурс тежамкор қозонхоналар таълим, тиббиёт, ижтимоий муассасалар, кўп қаватли уйлар, ҳовлиларни иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлашда юқори самарадорликка эга. Ихчам ва замонавий қурилмани муайян бино ва иншоот яқинига ўрнатиш имконияти мавжудлиги истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширади. Қурилма газ ва кўмир билан ишлашга мўлжаллангани газ қувурлари етиб бормаган ҳудудларда ҳам ундан фойдаланиш имкониятини яратади. Ярмаркада ушбу қурилмани етказиб бериш бўйича ўттизга яқин шартнома имзоланган.

Ярмарканинг енгил саноат маҳсулотлари бўлимида маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар, пахтадан тайёрланган матолар, улардан тикилган кўрпа, тўшак, ёстиқ ва уларнинг жилдлари, турли соҳаларда фойдаланиладиган иш кийимлари намойиш этилди.

Тошкентлик тадбиркор Нафиса Бозорова ўз корхонасида ишлаб чиқарилаётган юз турга яқин ана шундай маҳсулотларни харидорларга тақдим этди.

– Фаолият бошлаганимга ўн йил бўлди, – дейди Н.Бозорова. – Йилдан-йилга маҳсулотларимизнинг тури кўпайиб бормоқда. Йигирма нафардан кўпроқ йигит-қиз иш билан банд. Саноат ярмаркалари корхона, ташкилотлар билан ҳамкорлигимизни кенгайтириш, маҳсулотларимизга харидорлар излаб топиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга замин яратмоқда. Бу йилги тадбирда ҳам маҳсулот етказиб бериш бўйича қарийб икки миллиард сўмлик шартнома имзоладик. Шунинг билан бирга ўзимизга керакли хомашёларни сотиб олиш бўйича бир қатор келишувларга эришдик.

Тадбир доирасида Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси ва улар тизимидаги корхона, ташкилотлар фаолиятига оид тақдимотлар ўтказилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
2 321






Все о погоде - Pogoda.uz