Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 22:03 Чоп этиш версияси

Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда

Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда «Ўзэкспомарказ»да қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари ҳамда экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш комплексларининг тармоқлараро саноат ярмаркаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 мартдаги “2017 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу тадбир тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, кооперация алоқаларини кенгайтириш, барқарор шериклик муносабатларини ўрнатиш, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талабни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар саноатнинг изчил ривожланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган тармоқлараро саноат ярмаркалари бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Жорий йилда тармоқлараро саноат ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноатэкспорт», «Ўзагросаноатмашхолдинг», «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ҳамда «Ўзвиносаноатхолдинг» холдинг компаниялари, «Ўздонмаҳсулот», «Ўзавтосаноат» ҳамда «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниялари, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси сингари тузилмалар таркибига кирувчи 950 дан зиёд корхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирок этмоқда.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги корхоналари экспозицияси ранг-баранглиги билан ажралиб турибди. Бу ерда 30 дан ортиқ саноат корхонаси 170 дан зиёд маҳсулотни намойиш этмоқда. «Сувмаш» акциядорлик жамияти турли русумдаги насосларни, «Сувсаноатмаш» корхонаси ҳар хил вагонлар, станокларни, «Тошкент электродвигатель» қўшма корхонаси электр двигателларини кўргазма иштирокчилари эътиборига ҳавола этмоқда.

– Ярмарка саноат корхоналари билан вазирлик ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сув хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Жўрабек Абдуллаев. – Ўтган йилги тармоқлараро ярмаркада соҳа корхоналари томонидан қиймати 7 миллиард 800 миллион сўмлик шартномалар тузилган бўлса, жорий йилда 10 миллиард сўмдан зиёд битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда тўқимачилик саноати жадал ривожланмоқда. Буни ярмарканинг доимий иштирокчиси «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти стендларидаги маҳсулотлар турининг кўплиги ҳам тасдиқлайди.

Ўтган йилги ярмаркада тизимдаги ўн бешга яқин корхона иштирок этган бўлса, жорий йилда йигирмадан зиёд корхона 150 турдан ортиқ маҳсулотини намойиш этаётир. Маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган.

Мамлакатимизда қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар саноат кооперациясининг кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Маҳаллий бозор билан бир қаторда дунёнинг 15 дан ортиқ давлатига турли русумдаги замонавий автомобиллар етказиб бераётган «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар фаолияти фикримизнинг ёрқин далилидир.

Андижон шаҳридаги «Uz-Koram Ko.» масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар учун бамперлар, инструментал панеллар, эшик қопламалари, зарба ютгичлар етказиб бераётир. Корхонада 850 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.

– Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш мақсадида корхонамизда 2016 йилнинг декабрь ойидан бошлаб полипропилендан саккиз турдаги халқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, – дейди «Uz-Koram Ko.» МЧЖ маҳаллийлаштириш сектори бошлиғи Элёр Ашуров. – Бугунги кўргазмада янги турдаги автомобиль бутловчи қисмлари билан бирга мазкур маҳсулотларни ҳам намойиш этмоқдамиз.

Саноат ярмаркасида корхоналар тақдимотларида техник ва технологик имкониятлар борасида тўлиқ тушунчага эга бўлиш, ҳамкорлик учун таклифлар олиш мумкин. Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари ишлаб чиқаришнинг техник янгиликлари ва ютуқлари билан танишиш, яқин истиқболда ишлаб чиқариладиган материал ва бутловчи қисмларга бўлган талабни аниқлаш, саноат маҳсулотларининг янги турларини ўзлаштириш борасида шартномалар тузиш имкониятига эга бўлади.

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

Беҳзод Бозоров, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
4 514






Все о погоде - Pogoda.uz