ЎзА Ўзбек

25.10.2012 20:24 Чоп этиш версияси

Кооперацион алоқалар мустаҳкамланмоқда

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа давом этмоқда.

Форумнинг учинчи кунида саноатчилар анжуманида геология, ёқилғи энергетика мажмуи, кимё ва нефть кимё саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва истеъмол товарларини қайта ишлаш масалаларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Кенг жамоатчилик вакиллари эътиборига 15 тақдимот ҳавола этилди. Улар орасида мамлакатимиз ҳудудлари тақдимотлари ҳам бор.

Мамлакатимиз ёқилғи-энергетика мажмуидан “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ва “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниялари вакиллари биринчилар қаторида сўзга чиқди. Бунинг сабаби шундаки, мазкур тармоқларда ресурсларни тежаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. Бу эса, дунё энергия ресурслари бозорига жадал кириб бораётган мамлакатимиз ёқилғи-энергетика мажмуининг изчил ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” чуқур интеграциялашган, уч босқичли миллий холдинг компания ҳисобланади.

VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржанинг нефть-газ бўлимида “Ko-Ung Cylinder” янги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз маҳсулоти тақдимотини ўтказди. Мазкур корхонада турли модификациядаги автомобиль газ баллонларини ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилган. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида жойлашган мазкур корхонанинг лойиҳа қуввати йилига 50-154 литр сиғимли 120 минг дона турли хилдаги газ баллонлари ишлаб чиқариш имконини беради.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бош бошқармасининг ягона техник сиёсат бўлими бошлиғи Ёрқин Турсунбоевнинг айтишича, кўплаб объектларда холдинг компаниясининг таркибий корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар ишлатилмоқда. Компания янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни рағбатлантиради ва ўз фаолиятини фақат углеводород маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан чекламайди. Сўнгги йилларда шўъба корхоналари габарит ускуналар, эҳтиёт қисмлар, полимер буюмлар, кундалик истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни сезиларли даражада кенгайтирди.

Сўнгги олти йил ичида тармоқда олиб борилган таҳлиллар Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилган лойиҳалар 10 тадан 54 тагача ўсганини кўрсатди. 2011 йилда 53 лойиҳа амалга оширилган, маҳаллийлашган маҳсулотлар, жумладан, кимёвий, нефть-газ кимё ускуналари ва бентонит лойли кукун маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилган.

Электрэнергетика – Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан биридир. Тармоқни ўрта муддатли истиқболда ривожлантиришнинг асосий қоидалари ва йўналишлари энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқаришдаги энергия сарфини камайтиришни назарда тутади. “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси корхоналари томонидан ўтказилган тақдимот маросимларида бу яққол намоён бўлди.

Анжуман иштирокчиларини “Elektr quvvat qurilmalari” янги Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз фаолияти билан таништирди. Мазкур жамият “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ва Хитойнинг “Holley Metering Limited” корпорацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳадли битим асосида ташкил этилган.

– Импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва ички бозорга ўлчов трансформаторлари етказиб бериш ҳамда кейинчалик уларни экспорт қилиш корхонамизнинг асосий вазифаси ҳисобланади, – дейди “Elektr quvvat qurilmalari” янги Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти бош директорининг ўринбосари Қаҳрамон Нурматов. – Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада илк маротаба иштирок этяпмиз. Тадбир бизга янги шериклар топиш имконини берди. Ярмаркада умумий қиймати бир миллиард сўмлик 14 ички тармоқ ва тўртта аралаш шартнома тузишга муваффақ бўлдик.

Корхоналар экспозицияси билан танишиш учун ярмаркага мамлакатимизнинг турли вилоятларидан вакиллар келмоқда. Уларни асосан, трансформаторлар, қуёш батареялари, саноат корхоналари ва маиший ҳаётда қўлланиладиган ҳисоблагичлар ва бошқа маҳсулотлар қизиқтираётир.

– Мен VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржага Оқдарё туманидан келдим, – дейди “Сардор” кичик корхонаси директори Шерали Ўрозов. – Мени нафақат ишлаб чиқаришда, балки маиший ҳаётда ҳам қўлланиладиган қуёш батареялари қизиқтиради. Қатор компанияларнинг кенг турдаги маҳсулотларини ўрганиб чиқиб, ўзим учун мақбул тўхтамга келдим. Аввалига “Chagatay Invest” корхонаси билан маиший эҳтиёжлар учун 10 миллион сўмлик қуёш батареяларини харид қилиш бўйича шартнома тузаман. Кейинчалик, бу ишнинг натижасидан келиб чиққан ҳолда, пахта чиқитларини қайта ишлашга мўлжалланган корхона учун ҳам энергияни тежайдиган технологияларни харид қилиш ниятидаман.

VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа иштирокчилари ҳамда унга ташриф буюрганлар Ўзбекистон ҳудудларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимиз саноат ишлаб чиқаришида улуши қарийб 13 фоизни ташкил этадиган Қашқадарё вилоятининг тақдимот маросими кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ҳозирги кунда мазкур вилоятда қарийб 365 саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида нефть-газ, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, машинасозлик, қурилиш материаллари саноати тармоқларида иш олиб бораётган 37 йирик корхона ҳам бор.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Абдуғани Умировнинг айтишича, вилоят корхоналарининг VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржасида иштирок этишидан кўзланган асосий мақсад – хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизациялаш орқали экспорт ҳажмини янада кенгайтириш ҳамда саноат йўналишида товарлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қувватларидан самарали фойдаланиш.

Ички тармоқ ва тармоқлараро шартномалар тузиш истагида бўлганлар сони кун сайин ошмоқда.


ЎзА, Меҳрибон Маметова, Асқар Ёқубов (сурат)
8 227