ЎзА Ўзбек

16.01.2019 Чоп этиш версияси

Конрад Аденауэр жамғармаси: ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик

Конрад Аденауэр жамғармаси: ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик Эркинлик, адолат ва ҳамжиҳатлик. Ушбу умумбашарий қадриятлар Конрад Аденауэр жамғармаси фаолиятининг асосий тамойиллари ҳисобланади. Жамғарма Германия Федератив Республикасининг сиёсий фонди бўлиб, мамлакатнинг етакчи партияларидан бири – Христиан демократик иттифоқи негизида ташкил топган.

Ҳозир 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритаётган мазкур фонд 1955 йили Бруно Ҳеке томонидан кичик жамғарма сифатида ташкил этилган. Орадан бироз вақт ўтгач, яъни 1964 йили жамғармага Германия Федератив Республикасининг биринчи Федерал канцлери Конрад Аденауэр номи берилади.

Шу ўринда немис тарихида ўчмас из қолдирган Конрад Аденауэр ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Аденауэр Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Германиянинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий бунёдкори саналади. Мамлакатни иқтисодий ва сиёсий танг аҳволдан мардонавор олиб чиққан Аденауэр тарихда замонавий Германиянинг бош ислоҳотчиси сифатида муҳрланади.

Ҳали ҳаётлик давридаёқ ўз жамғармасига асос солган Конрад Аденауэр босқичма-босқич унинг аниқ мақсадлари ва аниқ йўналишларини белгилаб олади. Хусусан, Аденауэр жамғармасининг асосий фаолияти турли маданий-маърифий тадқиқотлар, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ва истеъдодли талабаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлиб, сайёрамизни илм-фан орқали янада ривожлантиришни кўзлайди.

Жамғарманинг яна бир ўзига хослиги шундаки, унда асосий эътибор инсоннинг ҳуқуқ ва жамият олдидаги мажбуриятларини шакллантиришга қаратилган. Бу ижтимоий адолат, эркин демократия ва барқарор бошқарувнинг асоси ҳисобланади. Ижтимоий масъулиятни ҳис этувчи инсонларни бирлаштириш орқали жамғарма иқтисодиёт ва жамиятда фаол тармоқларни ривожлантиришни мақсад қилган.

Конрад Анденауэр жамғармаси Марказий Осиёда ўз фаолиятини 1994 йилда бошлаган бўлиб, ҳозир Тошкент ва Остона шаҳарларида филиалларига эга.

Жамғарма мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар иқтисодиёт, экология, таълим ва давлат бошқаруви соҳаларида 10 дан ортиқ лойиҳани амалга оширди. Фонд айни пайтда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Тошкент давлат юридик университети ва Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти каби давлат ва нодавлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Жамғарма томонидан ўзбекистонлик журналистлар малакасини оширишга қаратилган бир қатор семинар-тренинглар ўтказилаётгани, мамлакатимиз иқтисодиёти учун малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилган таълим грантларининг ажратилиши Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Конрад Аденауэр жамғармасининг асосий мақсади мустаҳкам ҳамкорлик орқали ҳар бир мамлакатни эркин ва мустақил ривожланишига кўмаклашишдан иборатдир. Мустақилликнинг ўтган йилларида Ўзбекистон билан Конрад Аденауэр жамғармаси ўртасида ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлик алоқалари шаклланди ва изчил ривожланиб бормоқда.



5 708
Темур Эшқувватов, ЎзА