ЎзА Ўзбек

07.06.2019 Чоп этиш версияси

Комбайнларга GPS навигаторлар ўрнатилмоқда

Комбайнларга GPS навигаторлар ўрнатилмоқда

Ғалла – 2019 

Саноқли кунлардан кейин далаларда кузда экилган бошоқли дон экинлари пишиб етилади. Залворли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа фурсатда, нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш эса соҳа мутасаддилари, деҳқону фермерлар олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида мазкур агротехник тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида барча манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, “2019 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларини ўз вақтида нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мажлис баёни қабул қилинди.

Мазкур йиғилиш баёнида ўрим-йиғим мавсумида қатнашиши кўзда тутилаётган барча комбайнларга GPS навигаторлари ўрнатилишини ва ғалла ўрими мавсуми давомида уларнинг бетўхтов ишлашини таъминлаш энг асосий масалалардан бири сифатида қайд этиб ўтилди.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида “Ўзагросервис” акциядорлик жамияти соҳага алоқадор мутахассислар билан биргаликда комбайнларга GPS навигаторлари ва йиғилган дон миқдорини кўрсатиб турадиган датчиклар ўрнатиш ишларини амалга оширмоқда. Мазкур жараёнда ёш мутахассис сифатида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабалари ҳам фаол қатнашмоқда. Бу эса келажакда уларнинг ўз соҳасида малакали кадр бўлиб етишиши учун муҳим аҳамият касб этади.

Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Агросервис” масъулияти чекланган жамиятида тажриба-синов тариқасида 470 дона комбайнга GPS навигаторлари ва йиғилган дон миқдорини кўрсатиб турадиган датчиклар ўрнатилди.

– Ушбу датчиклар модификациялашган бўлиб, улар комбайннинг бункерига ва ёнилғи бакига ўрнатилади ва ўрим-йиғим пайтида комбайн бункерига йиғилган дон миқдори ва кетаётган ёнилғи сарфини узлуксиз аниқлаб боради, – дейди Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаси Абдужаббор Валиев. – Аниқланган маълумотлар автоматик тарзда комбайн кабинасидаги мониторга ва GPS орқали марказий тизимга узатиб берилади. Бу ўрим-йиғим пайтида ҳар бир комбайнда қанча дон йиғилаётгани ва қанча ёнилғи сарф бўлаётгани ёки комбайнларда содир бўлган носозликлар ҳақида тезкор маълумотга эга бўлиш имконини беради. Олинган маълумотлар таҳлил қилиниб, нобудгарчиликка йўл қўйилаётган ёки ёнилғи сарфи ортиб кетган комбайнларга тегишли тузатишлар киритилади. Натижада талофатсиз ва исрофгарчиликсиз якунланиши кафолатланади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, жорий йилда вилоятда 3 минг 585 та фермер хўжалиги томонидан 141 минг 800 гектар сувли ҳамда 63 минг гектар лалми майдонларда бошоқли дон экинлари парваришланди. Ҳосилни йиғиб олиш учун жалб этилган 470 та юқори унумли комбайннинг аксарияти янги, хусусан, 70 таси 2019 йилда харид қилинган “Клаас” компаниясининг "DOMINATOR 130" русумидаги комбайни. Айни пайтда уларнинг барчаси техник кўрикдан ўтказилиб, мавзумга шай ҳолатга келтирилган. Комбайнларнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлаш мақсадида ҳар бирига икки нафардан ҳайдовчи тайинланган. Уларга мавсум бошиданоқ бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 1 миллион сўмдан пул мукофотлари тарқатилди.

Шунингдек, ҳар бир комбайн негизида битта отряд ташкил этилган. Ушбу отрядларга ўримда қатнашадиган техникаларнинг доимий созлигини таъминлаш мақсадида кўчма таъмирлаш устахонаси, ёнилғи ва мойлаш материаллари етказиб берувчи техникалар бириктирилиб, отряд аъзоларининг меҳнат қилиши ва дам олиши учун даланинг ўзида зарур шароит яратилади.

4 326
Ўлмас БАРОТОВ, ЎзА