ЎзА Ўзбек

16.05.2018 22:10 Чоп этиш версияси

Кнауф Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтирмоқда

Кнауф Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтирмоқда Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда жаҳонда етакчи компаниялардан бири – Кнауф халқаро гуруҳи Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган корхонасида модернизация қилинган юқори сифатга эга гипскартон ишлаб чиқарувчи линияни ишга туширди.

«Кнауф Гипс Бухоро» хорижий корхонасида 16 май куни ушбу линиянинг расмий очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Кнауф халқаро гуруҳи раҳбарияти, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.

6.jpg

18.jpg

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Германия – Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, «Knauf Gips KG» компанияси ижрочи директори М.Грундке, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Г.Оверфельд "Knauf” компанияси мамлакатимиз қурилиш материаллари бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаб келаётганини таъкидлади.

Компания 2009 йилда Бухорода гипс хом ашёсига асосланган ва дунёда сифати эътироф этилган Кнауф қуруқ аралашмалари ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширган эди. Бу мамлакатимиз қуруқ қурилиш аралашмалари бозори шаклланишига сезиларли туртки берди. Орадан икки йил ўтиб, 2011 йил сентябрда яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилди – “Кнауф Гипс Бухоро” корхонасида кнауф қопламалари ишлаб чиқариш заводи фаолияти йўлга қўйилди. Янги ишга туширилган линия ана шу ишларнинг давоми бўлди.

“Кнауф Гипс Бухоро” корхонасида гипскартон ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш ишлари салкам икки йил давом этди. 16 миллион евродан ортиқ маблағ сарфланган ушбу лойиҳа натижасида линия қуввати 30 фоизга ошди. Яъни, бу ерда йилига 30 миллион квадрат метрдан зиёд кнауф қопламалари – гипскартон ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

17.jpg

19.jpg

– Ўзбекистон иқтисодиётида кейинги йилларда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Германия – Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, «Knauf Gips KG» компанияси ижрочи директори М.Грундке. – Бу компаниямиз фаолиятини кенгайтириш учун катта қулайлик яратди. Ўзбекистонда компаниямиз тасарруфидаги илғор технологиялар ва ноу-хаулар фаол татбиқ этилиши ишлаб чиқаришда рақобатбардошликни ошириш, ички бозорни бойитиш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда ёрдам беради.

"Кнауф Гипс Бухоро” корхонаси бош директори Дмитрий Дерипалконинг қайд этишича, ишлаб чиқариш линиясини модернизация қилиш германиялик мутахассислар билан биргаликда амалга оширилди. Яқин келажакда бир неча турдаги янги гипскартон ассортименти қурилиш дўконлари пештахталарига чиқарилади.

Ҳозирги пайтда корхонада 240 ишчи-мутахассис меҳнат қилмоқда.

"Knauf” компанияси яқин истиқболда Ўзбекистонда гипс асосидаги қуруқ қурилиш аралашмаларини тайёрлаш ҳажмини оширишни режалаштирган. Бу ишлаб чиқариш линияси ҳам “Кнауф Гипс Бухоро” корхонаси ҳудудида барпо этилади. Лойиҳа амалга оширилгач, қуруқ аралашмалар ишлаб чиқариш қуввати икки баробар оширилади.

Тадбирда Ўзбекистон – Германия Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ва унинг доирасидаги бизнес-форумда муҳокама этилган масалалар ечими ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, компаниянинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги фаоллигини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. "Knauf” компанияси раҳбарияти Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
8 979