Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2018 17:34 Чоп этиш версияси

Кластер усулида уруғлик етиштириш

Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Семруғ” фермер хўжалигида бошоқли дон, дуккакли ва мойли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва уларни ривожлантириш истиқболларига бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан ташкил этилган семинарда қишлоқ хўжалиги илмий муассасалари, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларидаги уруғчилик хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. 

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, шунингдек, нав ва уруғлик назорати – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Шунинг учун мамлакатимизда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Президентимизнинг 2018 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан пахта ва бошоқли дон экинлари уруғини тайёрлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг ягона замонавий тизимини шакллантириш учун масъул бўлган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДУК ташкил этилди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”нинг асосий вазифалари белгилаб берилди ва унинг тузилмаси тасдиқланди.

Мамлакатимизда ген коллекциясидан унумли фойдаланиб, серҳосил, эртапишар ва сифати юқори бўлган янги навлар яратиш устида иш олиб борилаётир. Жумладан, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги институтларининг ген коллекцияларида буғдойнинг 15 минг 378, арпанинг 2 минг 23, шолининг 2 минг 200, маккажўхорининг 3 минг 582, оқ жўхорининг 1 минг 127, тритикаленинг 453, рапснинг 10, сулининг 94, мошнинг 678, соянинг 948, нўхатнинг 1 минг 193, кўк нўхатнинг 102, ловиянинг 60, кунгабоқарнинг 62, ерёнғоқнинг 1 минг 415, махсарнинг 418, кунжутнинг 1 минг 437, зиғирнинг 671, беданинг 6 мингта нав намуналари сақланмоқда.

Афсуски, олдинги йилларда ушбу экинлар селекцияси ва уруғчилигига етарли эътибор қаратилмагани оқибатида маҳаллий навларни яратиш ишлари кўлами паст бўлган. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” томонидан сифатли уруғлик етиштириш, жамғариш, сақлаш, қайта ишлаш, дорилаш, қадоқлаш, фермер хўжаликларига етказиб бериш ва экспорт қилиш жараёнларини ўз ичига олган уруғчилик кластерлари ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. 

– Шу мақсадда мамлакатимизда қишлоқ хўжалик экинларининг бирламчи уруғлик материалларини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи уруғчилик компаниялари, жумладан, чет эл капитали иштирокида ва давлат хусусий шерикчилик асосида компаниялар ташкил этилмоқда, – дейди “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси раҳбари ўринбосари М.Толибов. – Барча элита уруғчилик хўжаликларида бугунги кунгача фақат уруғлик чигит етиштирилган бўлса, эндиликда барча қишлоқ хўжалик экинларининг бирламчи уруғлик материаллари етиштириш йўлга қўйилади. Биринчи босқичда 6 вилоятда уруғчилик кластерлари ташкил этиш белгиланган. Шундай уруғчилик кластери усулини ушбу семинар ўтказилган “Семруғ” элита уруғчилик хўжалиги негизида ҳам ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. 

"Семурғ" фермер хўжалиги раҳбари, асли мутахассислиги агроном бўлган Муҳаммад Сувонқулов қатор йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари билан янги навларни синовдан ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилиб келаётир. Хўжалик далаларида ушбу илмий муассаса олимлари томонидан яратилган “Кўпайсин” янги ғўза нави экилиб, синовдан муваффақиятли ўтказилган эди. Фермер хўжалиги синов тариқасида экилган дастлабки йиллардаёқ ушбу навдан 40 центнердан ошириб ҳосил олди. 

Олимларнинг тавсия ва маслаҳати асосида пахта навини яхшилашга салмоқли улуш қўшаётган фермер уруғ етиштиришдан олаётган даромади ҳисобига ўсимлик ёғи ишлаб чиқарадиган корхона барпо этди. Фақат чигитдан эмас, балки зиғир, кунжут, масхар, соя, кунгабоқар каби мойли экинлар уруғидан ҳам ёғ ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона хўжаликка яхши фойда келтирмоқда. 

– Хўжалигимизда кластер усулининг қўлланиши фақат пахта ё ғалла эмас, балки сабзавот, полиз, мойли ҳамда дуккакли экинлар уруғчилигини ҳам йўлга қўйиш имконини беради, – дейди М.Сувонқулов. – Хўжалигимизда мойли ва дуккакли экинлар уруғини қайта ишлаш корхонаси мавжудлиги, жамоамиз бу соҳада катта тажрибага эгалиги асосий имкониятимиздир. Президентимиз қўллаб-қувватлаётганидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалигида янги йўналиш бўлган кластер усули уруғчилик соҳасига ҳам жорий этилиши деҳқончиликдаги кўплаб муаммоларнинг муваффақиятли ҳал этилишига замин яратади.

Албатта, барча уруғчилик хўжаликларида ҳам “Семруғ”даги каби имкониятлар йўқ. Айниқса, сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарларининг навларни тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб танлаш, сифатли уруғ ва кўчатлар экиш ҳамда етиштириш учун малакаси етарли даражада эмас. 

Уруғчилик соҳасида ҳали муаммолар етарлича экани семинарда маърузачилар ва муҳокамада қатнашганлар томонидан таъкидлаб ўтилди. Сифат кўрсаткичи юқори бўлган экспортбоп маҳсулотлар етиштириш учун сертификатланган сабзавот, полиз ва картошка экинлари уруғларини етказиб бериш ҳозирча тизимли йўлга қўйилмагани соҳа ривожида жиддий тўсиқ бўлмоқда. Шунинг учун бу соҳани ривожлантириш дон ва дуккакли дон ҳамда мойли экинлар уруғчилик тизимини тубдан янгилашга қаратилган дастур ишлаб чиқишни тақозо қилмоқда. Ушбу семинар бу йўналишдаги энг долзарб масалаларни бевосита соҳа мутахассислари, мутасаддилари ва фермерлар билан батафсил маслаҳатлашиб олишда дастлабки муҳим мулоқот майдони бўлди. 

Тошқул Бекназаров, ЎзА
6 818