ЎзА Ўзбек

24.06.2020 Чоп этиш версияси

КИМ ҲАҚ? Импорт маҳсулотларининг сифатсиз эканини айтган мутасадди фикрларини стандарт масъуллари кескин рад этди (видео)

КИМ ҲАҚ? Импорт маҳсулотларининг сифатсиз эканини айтган мутасадди фикрларини стандарт масъуллари кескин рад этди (видео)


ЎзА орқали "Ўзёғмойсаноат" уюшмаси масъул ходими Фахриддин Калонов Ўзбекистонга кириб келаётган ёғ-мой маҳсулотларининг сифатсиз экани ҳақида ўз фикрларини билдирган эди. Мутасаддининг айтишича, "... энг йирик муаммолардан бири Ўзбекистонга хориждан келаётган ўсимлик ёғларининг сифати паст, уларнинг таркибини тўлиқ таҳлил қиладиган замонавий лабороториялар юртимизда мавжуд эмас. Айниқса, кунгабақор ёғлари таркибида инсон саломатлиги учун ўта зарарли бўлган пальма ёғининг кўп экани хавотирлидир...


Бу борада ЎзА мухбири юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, импорт маҳсулотларининг сифати ва соҳадаги муаммоли вазиятлар юзасидан Аккредитация маркази директори Ансабхон ЗОКИРОВ билан суҳбатлашди.​

Жаҳон статистикасига кўра, озиқ-овқатдан келиб чиқадиган касалликлар туфайли йилига салкам 600 миллион киши касалланади, 420 минг одам вафот этади. Айнан озиқ-овқатдан келиб чиқувчи касалликлар натижасидаги ўлимнинг 30 фоизи 5 ёшгача бўлган болаларга тўғри келиши ачинарлидир.

— Дунёда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ҳамиша эътиборда бўлган. Айни вақтда юртимизга хориждан олиб келинаётган ана шундай маҳсулотларнинг сифатига қандай талаблар қўйилмоқда?

— Албатта, бу жараёнда ўзига хос баҳолаш талаблари мавжуд. Бунда баҳолашда қўлланиладиган ускуналар ҳаққоний натижа олишга хизмат қилади. Ушбу синов натижаларини тушунарли ҳолатга келтириб, тўғри, якуний хулоса беришда мутахассиснинг малакаси ҳам муҳим. Бу борада етарлича ишлар олиб борилмоқда.

Айни вақтда ишлаб чиқариш маҳсулотларига ҳам, импортга ҳам бир хил талаб қўйилган ва улар уйғунлаштирилмоқда. Натижада маҳсулотларнинг сифати тобора ортиб бормоқда.

— Экспортга юборилган ҳўл мевалар ёки тайёр маҳсулотларнинг яроқсизлиги сабаб юртимизга қайтарилгани ҳақида гоҳида эшитиб турамиз. Лекин, юртимизга кириб келаётган маҳсулотларнинг қайтарилгани ҳақида негадир хабар топмаймиз. Импортга келаётган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам сифатлими?

— Тўғрисини айтганда, сифатсизлиги боис импортга келаётган маҳсулотлар қабул қилинмаган ҳолатлар кўп бўлган. Мисол учун, консерва, гўшт, ёғ билан кўпинча шундай ҳолат юз беради. Шу йилнинг ўтган даврда беш миллиард сўмдан ортиқ нархда баҳоланган маҳсулотлар юртимизга киритилмади. Агротехниклар, болалар ўйинчоқлари билан ҳам шундай ҳолат кузатилган.

— Ёғ ҳақида яхши эслатдингиз, импортдан келаётган кунгабоқар маҳсулотларининг таркибида 50 фоизгача пальма ёғи қўшилиши ҳақидаги фикрларни эшитганмиз. Бунга сабаб қилиб эса, ёғ таркибини текширадиган замонавий лабораториялар йўқлиги айтилмоқда.

— Йўқ, бунга йўл қўйилмайди.Одатда ёғлар ранги, ҳиди ва мазаси билан баҳоланади. Маҳсулот ва унинг таркибидаги барча кимёвий моддаларни аниқлай оладиган замонавий ускуналарга эга лабораториялар аккредитациядан ўтган. Юртимизда улар ишлаб турибди. Агарда харидорларда бу масалага ойдинлик киритиш истаги бўлса, тегишли маҳсулотни олиб келишса холисона текшириб берамиз.

— Юртимизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми органик талабларга жавоб беради. Бироқ, уни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамиша ҳам берилавермайди. Сабаби нимада?

— Тўғри, деҳқон, фермерларимиз етиштираётган қишлоқ хўжалиги экинлари экологик тоза бўлиб, органик маҳсулотга қўйиладиган талабларига тўлиқ жавоб беради. Фақат улар баҳолашдан ўтмаган. Ҳозирда юртимизда 45 корхонага органик сертификати берилди. Яна 100 корхонани рўйхатдан ўтказиш мўлжалланган.

— Тадбиркор энг сифатли маҳсулотини намуна учун топшириб, истеъмолга яроқсизларини ҳам бозорларга чиқариши мумкинми?

— Йўқ, тадбиркор маҳсулотини келиб топширмайди. Сертификатлаш ходимлари танлаб олади. Маҳсулотни қаердан, қандай миқдорда танлашни улар ҳал этади. Мисол учун, бир вагон маҳсулот келса, уни танлаш мутахассиснинг иши. Истаганини танлаб лабораторияда текшириб, сертификат беради ва маҳсулотнинг бир қисми олиб қўйилади. Эртага бирор бир муаммо чиқса, таҳлилларда ундан фойдаланиш учун.

— Бозорга чиқиб, бирор бир корхона маҳсулотидан намуна танлаш ва уни текшириш ваколати сизларда борми?

— Бизда бундай ваколат йўқ. Уни тегишли ташкилотлар назорат қилади ва сифатини текшириш учун назорат харидини амалга оширади.

— Кейинги вақтларда импорт уруғлар таркибида турли касалликлар кириб келиши, ГМО навларга ишониб, йиллар давомида маҳаллий навларни йўқотганимиз ҳақида турлича фикрлар айтилмоқда.

— Бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам асосли эмас. Уруғни текшириш, баҳолаб бериш узоқ давом этадиган жараён. Бу борада қатор ташкилотлар ҳамкорликда ишлайди. Уруғлар билан вируслар ва хавфли микроблар кириб келишининг олдини олиш учун уруғларни сертификатлайдиган ташкилотлар фаолият юритади.

ГМО дурагайлари ҳақида айтадиган бўлсак, бундай уруғлар борасида тегишли қонун қабул қилиниши кутилмоқда. Унга кўра тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Эслатма, суҳбатнинг тўлиқ шакли видеода акс этган. Танишинг ва саволларингизни бизга юборинг.

5 395
Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МEЛИБОЕВ, ЎзА