ЎзА Ўзбек

27.02.2019 Чоп этиш версияси

Кичик саноат зоналари иқтисодий юксалишга хизмат қилади

Кичик саноат зоналари иқтисодий юксалишга хизмат қилади

Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Наманган шаҳрида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилган.

Тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш орқали ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантиришнинг замонавий механизми сифатида амалиётга татбиқ этилган мазкур иқтисодий ечим қисқа вақтда ўз самарасини бера бошлади.

photo5456615723636992601.jpg

Тадбиркорлар ташаббуси билан кичик саноат зоналарида умумий қиймати 1 триллион 229 миллиард сўмликдан ортиқ 211 та лойиҳа бирин-кетин амалга оширилмоқда. Қарийб 124 гектар майдонни эгаллаган “Орзу”, “Пахталиккўл”, “Юксалиш”, “Хонобод”, “Машад”, “Зарбдор” кичик саноат зоналарида режалаштирилган барча лойиҳалар тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, 16 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Кичик саноат зоналарининг аҳамиятини ўтган йил иккинчи ярмида фаолият бошлаган “Орзу” кичик саноат зонаси мисолида яққол кўриш мумкин. 10 гектарга яқин майдонда ташкил этилган мазкур ҳудудда умумий қиймати 142,3 миллиард сўмлик 22 та лойиҳани амалга ошириш ва уларда 2 минг 250 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бугунги кунда бу ерда фаолиятини тўлиқ йўлга қўйган 12 та корхонада 900 киши иш билан таъминланган.

photo5454385274105735831.jpg

Жумладан, “Боссер Текстил сервис”, “Идеал Текстил Орзу”, “Суғдиёна файз текстил”, “Нуробод сифат текстил”, “White gold towel textile”, “Порлоқ текстил либослари”, “Авазхон келажак” каби тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарда 20 нафардан 300 нафаргача киши доимий иш билан таъминланди. “Орзу” кичик саноат зонасидаги “Кварц саноат” корхонасида сумка, “Улуғ-Б” корхонасида целлофан маҳсулотлари, “Мега эко пласт” корхонасида полиэтилентерефталат гранулалари ишлаб чиқариш, “Перфект фрутис”, “Артел” корхонаси маҳсулотларини етказиб бериш, “Универсал Фуд Траде” томонидан мева-сабзавотни сақлаш ва қайта ишлаш фаолияти йўлга қўйилиб, юзлаб иш ўринлари яратилди. Бу юқоридаги лойиҳаларнинг дастлабки босқичида эришилган натижалар экани ва улар тўлиқ қувват билан иш бошлагач, иш ўринлари сони яна икки баробар ортишини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, жорий йил биринчи ярмида “Орзу” кичик саноат зонасида яна 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 700 та иш ўрни яратилади. 

Бундан ташқари, “Пахталиккўл” кичик саноат зонасида умумий қиймати 41,5 миллиард сўмлик 15 та лойиҳага мувофиқ, 1 минг 220 та иш ўрни очиш режалаштирилган. Ҳозир кичик саноат зонасида 7 та лойиҳа асосида ишга туширилган “Истиқболпоябзалсавдо”, “Исоқжонов Мирзоҳид”, “Маржон”, “Ҳабибҳамкорбизнес”, “Темирпўлатдизайн”, “Оташқурилишинвест” каби корхоналарда 200 га яқин иш ўрни вужудга келтирилди.

photo5456615723636992600.jpg

“Юксалиш” кичик саноат зонасида амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 881,7 миллиард сўмлик 7 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратиш имконини берадиган 70 та лойиҳадан 22 таси фойдаланишга топширилди. Натижада ҳудудда ташкил этилган корхоналарда 500 нафар мутахассис иш билан таъминланди.

Наманган шаҳридаги бошқа кичик саноат зоналарида ҳам қатор лойиҳалар устида изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Уларнинг рўёбга чиқарилиши нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

8 379
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА​​