Кичик саноат зоналари иқтисодий тараққиётнинг фаол иштирокчиси
Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Бинолардан фойдаланиш департаменти» давлат корхонаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Бинолардан фойдаланиш департаменти» давлат корхонаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда департамент фаолияти, пойтахтимизда фаолият юритаётган кичик саноат зоналари ҳақида маълумот берилди.Департаментнинг асосий фаолият йўналиши Тошкент шаҳридаги маъмурий ва бошқа турдаги бинолар ҳақидаги маълумот базасини шакллантирган ҳолда бўш турган ҳамда самарасиз фойдаланилаётган объектларни ўрганиб, давлат ташкилотларини ҳамда тадбиркорлик субъектларини жой билан таъминлашда кўмаклашиш, давлат мулкига тегишли биноларни эксплуатация қилишга қаратилган. Айни вақтда департамент пойтахтимизда фаолият юритаётган кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларининг мувофиқлаштирувчиси ҳамдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 майдаги «Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Мазкур қарорга асосан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек, Олмазор, Чилонзор, Миробод ва Бектемир туманларида кичик саноат зоналари фаолияти йўлга қўйилмоқда, Яккасарой, Юнусобод, Сергели туманларида улар самарали ишлаяпти.
«Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» давлат унитар корхонаси директори Рустам Нуралиев маълумотига кўра, мазкур саноат ҳудуди 61,2 гектарни ташкил этади. Ҳозир 301 тадбиркорлик субъекти билан 10 йил муддатга ижара шартномалари расмийлаштирилган. Улардан 255 корхона ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаб юборган.
Кичик саноат зонасида тадбиркорлар томонидан қоғоз ва ёғочни қайта ишлаш, машинасозлик, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, уларни экспорт қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда 7 мингга яқин иш ўрни яратилган.
Матбуот анжуманида Сергели ва Юнусобод туманларидаги кичик саноат зоналари фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. хусусан, умумий майдони 13 гектар бўлган Сергели кичик саноат зонасида айни пайтда 2 минг 500 дан ортиқ иш ўрни мавжуд. Юнусобод кичик саноат зонасида 112 тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.
Кичик саноат зоналарида тадбиркорлар ва ходимлар учун зарур шароитлар яратилган. Юридик ва нотариус хизматлари йўлга қўйилган, мини банк, тиббиёт хоналари, "Гўзаллик салонлари", ошхоналар ишламоқда.