Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.08.2017 18:05 Чоп этиш версияси

Кичик кредитнинг катта фойдаси

Президентимизнинг 2017 йил 17 мартдаги “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилнинг биринчи ярмида Жиззах вилоятида тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 300 миллиард сўмликдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.

– Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки туман филиалининг 182 миллион сўм кредити эвазига замонавий мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, – дейди Мирзачўл туманидаги "Шоҳжаҳон файз универсал сервис” хусусий корхонаси раҳбари Б.Муқимов. – Олти киши меҳнат қилаётган корхонамизнинг замонавий дизайндаги диван, стол-стул, болалар кровати каби мебеллари, айниқса, ёш оилаларга манзур бўлмоқда.

Корхона ҳудуддаги бошқа ташкилотлардан ҳам буюртмалар олади. Яқинда корхона “Гагарин маъданли суви” санаториясига буюртма асосида турли мебеллар етказиб берди.

Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишга қаратилган тадбирлар туманда ҳам изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, молия муассасалари ходимлари тумандаги 10 мингдан зиёд хонадонда бўлиб, тадбиркорлик қилиш бўйича кенг тушунча берди. Бунинг самарасида жорий йилнинг ўтган даврида 938 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Уларга тегишли равишда банк кредитлари ажратилди.

Илгари иқтисодиётининг асосий соҳаси қишлоқ хўжалиги бўлган туманда бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳам тобора ривожланмоқда. Шу мақсадда 2017-2018 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тадбирлар изчил амалга оширилаётир.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 670






Все о погоде - Pogoda.uz