ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

ХУШХАБАР: Олмалиқ кон-металлургия комбинатида палладий олишга эришилди

ХУШХАБАР: Олмалиқ кон-металлургия комбинатида палладий олишга эришилди

Тозаланган соф палладий кукунини ажратиб олиш учун 17 жараённи босиб ўтиш керак. Комбинат ахборот хизмати маълум қилишича, ўтказилган тадқиқотлар асосида паст концентрацияли электролит эритмаларидан юқори тозаликка эга бўлган соф палладий кукунини ажратиб олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди.

Бу орқали металл ажратиб олиш даражаси 80 фоизга олиб чиқилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар 2018 йилдан буён олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасидир. 

Бугун дунё бозорида 1 грамми 67 долларга баҳоланаётган палладий ишлаб чиқариш саноати йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Платинадан 7,3 фоизга қиммат юрадиган бу нодир металл асосан заргарлик, тиббиёт, хусусан, стоматология соҳасида, электроника, машинасозлик ва кимёвий ишлаб чиқариш тармоқларида кенг қўлланилади. 

– Дунёда палладийга талаб жуда юқори, – дейди ОКМК таркибидаги Янги технологиялар марказий лабораторияси бўлим бошлиғи Орифжон Усмонқулов. – Соф ва ўта тоза палладий металлини ажратиб олиш борасида 2018 йилнинг ноябрь ойидан буён илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Мақсад палладий миқдори кам бўлган чиқинди электролит эритмаларидан, гарчи 50 миллиграмм 1 литрда бўлган тақдирда ҳам соф палладий кукунини ажратиб олиш усулини ишлаб чиқишдан иборат эди. Бугунги кунда бир литр эритмада 1 миллиграмм палладий қолгунча чўкмага тушириб олинмоқда. Аввалги технологик йўриқномаларда бундай натижаларга эришилмас эди.

Бугун Европа, Япония, Хитой ва Шимолий Америка саноат бозорида палладийдан унумли фойдаланилмоқда. Бу фактлар кўплаб соҳаларнинг равнақи демакдир. Шундай экан, қайта ишланган электролитдан соф палладий кукунини ажратиб олишни саноат соҳасига кенг татбиқ этаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг бу саъй-ҳаракатлари мамлакатимиз иқтисодий ишлаб чиқариш салоҳиятига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади, албатта.

3 954
ЎзА