ЎзА Ўзбек

11.01.2019 20:00 Чоп этиш версияси

Хорижий инвестиция – янги иш ўринлари кафолати...ми?

Хорижий инвестиция – янги иш ўринлари кафолати...ми? Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган “AZIA METALL PROF” МЧЖда металл қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 3 миллион 300 минг доллар инвестиция киритилди. Лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллион 850 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинди.

- Корхонамизда иккита цех фаолият юритмоқда, - дейди корхона раҳбари Хушвақт Зайниев. - Хитойнинг “Urumqi Tongyale International Trade Co., Ltd” компанияси билан тузилган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ, ўтган йили металл қувурлар ва сендвич панеллар ишлаб чиқариш цехларини ишга туширдик. Металл қувур ишлаб чиқариш цехининг йиллик қуввати 30 минг тонна. Сендвич панел ишлаб чиқариш цехида ойига 30 минг квадрат метр маҳсулот тайёрланмоқда. Ҳар икки цехда 100 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.

Айни пайтда учинчи цех қурилиши қизғин давом этаётир. Хорижлик ҳамкорларнинг 16 миллион 500 минг АҚШ доллари қийматидаги инвестицияси иштирокида махсус ишлов берилган қурилишбоп металл профил ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур металл профиллар саноат усулида ранглангани учун узоқ муддат сифатини йўқотмайди. Энг муҳими, мазкур цехда яна 300 та янги иш ўрни яратилади.

Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозорга сотилмоқда. 2020 йилдан маҳсулотларнинг бир қисмини экспортга йўналтириш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги берган маълумотларга кўра, 2018 йилда жами 32та қўшма ва хорижий корхоналар ҳисобига 25,9 миллион доллар, шундан дастур доирасидаги 16та корхона ҳисобига 20,1 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб қилинган. Шундан 9 та лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 256 та янги иш ўрни яратилди. 2019-2020 йилларда шаҳарда дастур доирасида жами 16 та қўшма ва хорижий корхона ҳисобига 295,6 миллион доллар хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш туфайли 1 минг 440 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

7.JPG

25.JPG


Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
2 223