Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 12:25 Чоп этиш версияси

Хизмат кўрсатиш тизими такомиллашмоқда

Хизмат кўрсатиш тизими такомиллашмоқда Президентимиз раҳнамолигида барча соҳалар қатори туризмни ривожлантириш, юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилиб, меҳмонхона ва дам олиш масканларида зарур шароитлар яратилаётир.

Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, замонавий инфратузилма, меҳмонхона ва дам олиш масканларида йўлга қўйилган юқори сифатли хизматлар юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар кўпайишида муҳим омил бўлмоқда.

Наманган вилоятида 25 йил олдин атиги иккита меҳмонхона фаолият кўрсатган. Мустақиллик йилларида хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор замонавий меҳмонхоналар тизими шаклланиши ва ривожланиши учун кенг имкониятлар яратди. Тадбиркорлар томонидан хусусий меҳмонхоналар қурилди. Бозор иқтисодиёти муносабатларига хос ижобий рақобат меҳмонхоналар тизими, уларда сервис хизмати кўрсатиш тамойилларининг такомиллашиб боришида муҳим омил бўлди.

Айни пайтда вилоятда фаолият кўрсатаётган 20 меҳмонхонанинг 4 таси мақомига кўра дам олиш ва сайёҳлик маскани ҳисобланади. Наманган шаҳридаги халқаро таснифнинг 3 юлдузли гуруҳига киритилган “S-Namangan”, “Туркистон”, “Истиқлол”, “Буюк ипак йўли” меҳмонхоналари вилоятга ташриф буюраётган меҳмонлар, жумладан, хорижий сайёҳларга юқори сифатли хизмат кўрсатаётир.

Вилоят марказидаги “Орзу”, “Чорсу”, “Дўстлик”, “Паҳлавон”, “Давр” каби меҳмонхоналарда ҳам замонавий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд.

Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси доирасида вилоят туманларида ҳам меҳмонхоналар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Поп тумани марказида фаолият кўрсатаётган “Рамз”, тоғлар орасида жойлашган Чодак қишлоғида барпо этилган “Чодак палас”, Чуст туманидаги “Водий”, Уйчи туманидаги “Уйчи” меҳмонхоналари сайёҳ ва меҳмонларга намунали хизмат кўрсатмоқда.

Бугунги кунда экотуризмнинг истиқболли йўналишларидан бири бўлган табиат қучоғида маданий дам олишни ташкил қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тоғли туманларда фаолият юритаётган бир қатор дам олиш масканлари меҳмонхоналар тизимида ўзига хос ўрин тутмоқда. Жумладан, Чортоқ туманидаги “Чортоқ Иззат оромгоҳи” сиҳатгоҳи, Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғидаги “Кўксарой сайёҳ” сайёҳлик базаси, “Машинасоз”, Мингбулоқ туманидаги “Шўрсув” дам олиш масканлари мавсумда кунига 500 дан зиёд меҳмоннинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда.

“Чортоқ”, “Косонсой”, “Шаҳанд”, “Ниҳол”, “Гулшан” сиҳатгоҳларида аҳоли дам олиш билан бирга, саломатлигини тиклаши учун барча шароит мавжуд.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони меҳмонхоналар тизимини ривожлантиришнинг янги истиқболларини белгилаб берди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бўлими вакили Ҳошим Ғайбуллаев. – Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинган 2016-2017 йилларда Наманган вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастурига мувофиқ вилоятда яна 5 меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Дастурга кўра, Наманган шаҳрида “Диёр” ва “Медиксервис” меҳмонхоналари барпо этилди. “Бобуршоҳ” меҳмонхонасининг қурилиши давом эттирилмоқда.

Айни пайтда меҳмонхоналар учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласи ҳам доимий эътиборда. Мавжуд меҳмонхоналарнинг қават бекалари, админстраторлари, менежерлари республика ўқув консалтинг маркази курсларида қайта тайёрланмоқда. Наманган шаҳридаги қурилиш ва дизайн, 2-маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежларида шу йўналишда мутахассислар тайёрлайдиган бўлимлар очилди.

Президентимизнинг юқоридаги фармонидан келиб чиқиб қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида меҳмонхоналар тизимини ривожлантириш учун қатор имтиёзлар белгиланган. Жумладан, лицензия ўрнига мувофиқлик сертификати олиш, 4 юлдузли меҳмонхона қурган тадбиркорлик субъектига 5 йилгача солиқ имтиёзи берилди. Бу иқтисод қилинган маблағни меҳмонхонани замонавий жиҳозлашга йўналтириш имконини кенгайтиради. Бундай чора-тадбирлар жаҳон стандартлари талабига мос меҳмонхоналар кўпайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 975






Все о погоде - Pogoda.uz