ЎзА Ўзбек

14.05.2019 20:42 Чоп этиш версияси

Хитойликлар қовун импортига рухсат бермоқчи...

Хитойликлар қовун импортига рухсат бермоқчи...

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат испекциясида 2019 йил 13 май куни Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармасининг вазир ўринбосари Ли Гоа бошчилигидаги делегация билан учрашув ташкил этилди.

Бу ҳақида “Ўздавкарантин” инспекцияси хабар берди. Учрашувда томонлар мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавотларни Хитойга экспорт қилиш олдидан фитосанитар рухсатномаларни тақдим этишни тезлаштириш, қовун экспорти учун тегишли орган рухсатномасини олиш ва полизларга қовун ҳолатини ўрганувчи хитойлик экспертларни жалб этиш масалалари муҳокама этилди. 

Шунингдек, фитосанитария соҳасида ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, экспорт учун янада қулай логистика йўналишини яратиш, Ўзбекистондан Хитой-Қозоғистон чегарасидаги айрим пунктлар орқали Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, гилос экспортига рухсатнома олиш сингари кўплаб экспорт-импорт йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. 

xxr uchrashuv.jpg

Музокараларда “Ўздавкарантин” инспекцияси ва Хитой Бош божхона бошқармаси ўртасида 2019-2020 йилларда ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди.

Ҳужжатда Хитойга қовун, анор, узум, лимон ва бошқа маҳсулотлар экспорти учун рухсатнома тақдим этиш, фитосанитар хавфлар таҳлили, лаборатория диагностикаси ва зарарсизлантириш йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш юзасидан тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ХХР Давлат божхона маъмурияти учун зарур фитосанитар инфратузилмалар барпо этиш ишлари бошлаб юборилган. 

Қайд этиш жоизки, 2018 йилда қадоқлаш цехларининг сони 5 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 9 тага етди. Экспортчи тадбиркорлар гилосни Хитойга мазкур цехлар орқали экспорт қилиши мумкин.

Учрашув якунида Хитой Бош божхона бошқармаси каратин департаменти экспертлари жорий йил 29 май куни мамлакатимизга келиши маълум қилинди. 

Улар қовун импортига рухсатома бериш учун полизларга бориб, қовун ҳолатини ўрганади. Карантиндаги зараркунандаларни бартараф этиш, қовун пашшасига қарши курашишда зарур воситалардан фойдаланганлик даражаси ҳамда дала назорати борасида олиб борилган ишлар ҳолатини ўрганади.

А.Мусаев, ЎзА
5 319