ЎзА Ўзбек

18.07.2016 16:07:55 Чоп этиш версияси

Хитой ишбилармонлари билан учрашув

Самарқандда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинцияси Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмаклашувчи қўмитаси томонидан бизнес-форум ва кооперацион биржа ўтказилди.

Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари вакиллари, Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси раҳбарлари иштирок этган тадбирда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Икки давлат раҳбарлари учрашувлари чоғида эришилган келишувлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Хусусан, 2015 йилнинг сентябрь ойида Президентимиз Ислом Каримовнинг Хитойга ташрифи, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2016 йил июнь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни мазмунан бойитиш, жумладан, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида 1,4 миллиард долларни ташкил этди. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошган. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 651 корхона фаолият кўрсатмоқда. 75 етакчи фирма ва компания ўз ваколатхонасини очган. Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, айниқса, юқори технологиялар соҳасида фаол ривожланиб бормоқда.

– Икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан 2013 йилда Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида биродарлик алоқалари йўлга қўйилди, – дейди Шэньси провинцияси вице-губернатори Ванг Лисиа. – Бу икки тарихий шаҳар Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинларидан бири сифатида цивилизация, савдо-сотиқ, илм-фан, маданият маркази бўлган. Бугун ҳам мазкур ҳудудлар икки давлатнинг иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган марказлари ҳисобланади. Ушбу форум келгусида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларнинг ўзаро фаолияти билан янада яқинроқ танишишларига имконият яратиш мақсадида ташкил этилди.

Бизнес форумда Шэньси провинцияси ва Самарқанд вилояти йирик компания ва корпорациялари, фирмалар тоғ-кон саноати, инвестиция ва замонавий технологиялар, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, суғурта фаолияти, сайёҳлик йўналишлари бўйича ўз тақдимотларини ўтказди. Икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари маҳсулот етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича келишувларга эришди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Шэньси провинцияси Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмаклашувчи қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Хитойлик меҳмонлар Самарқанддаги йирик корхона ва фирмалар фаолияти билан танишиб, шаҳардаги тарихий обидалар ва замонавий иншоотларни томоша қилди.