ЎзА Ўзбек

08.11.2018 18:45 Чоп этиш версияси

Хирмонга хирмон қўшилмоқда

Қоракўл тумани пахтакорлари Бухоро вилоятида иккинчи бўлиб давлатга пахта сотиш шартномавий режасини бажарди.

Қоракўллик миришкорлар томонидан давлат хирмонига 28 минг тоннадан зиёд хомашё етказиб берилди. Йил давомида қилинган меҳнат самараси ўлароқ ҳосилдорлик 31 центнердан ошди.

Туманда теримчиларга яратиб берилган қулай шароитлар, терилган пахта учун тўланган ҳақнинг ўтган йилдагига нисбатан кескин ошиши натижасида пахтазорда иш унуми ортди.

Фермер хўжаликлари орасида ҳосил салмоғи юқори, 180 гектар майдонда деҳқончилик қилаётган “Ҳосилдор” фермер хўжалиги уйган хирмон 750 тоннадан ошди. Бу мўлжалдагидан 150 тонна кўпдир.

– Пахтанинг харид нархи ошгани, ҳосилимизнинг 90 фоиздан зиёдроғи биринчи навга сотилгани, ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланганимиз даромад мўллигини таъминлайди, – дейди “Ҳосилдор” фермер хўжалиги раҳбари Завқиддин Болтаев. – Ҳисоб-китобларга кўра, йил якунида 850 миллион сўм соф фойда олиш кутилмоқда. Бу ўтган йилдагидан анча кўп.

Туман пахтакорлари эришган ютуқда юқори натижага эришган “Ўткир Билолий”, “Ферангиз”, “Ўлмас Диёр Замини”, “Аҳмад Рўзиқули” каби ўнлаб фермер хўжаликларининг ҳиссаси салмоқли бўлди. Ўртача ҳосилдорлик 35-42 центнерга етказилган бу хўжаликларда рентабеллик даражасининг ошиши улар фаолиятини янада ривожлантириш имконини беради.

Туманда 288 та фермер хўжалиги бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг 225 таси мўлжалланган маррадан ошди.

Қоровулбозор тумани пахтакорлари ҳам 10 минг 440 тонна сифатли саноат хомашёси етказиб пахта сотиш юзасидан шартномавий режани уддалади. Ҳосилдорлик 19 центнерни ташкил этмоқда. Тумандаги 176 фермер хўжалигининг 146 таси бугунга қадар шартномавий режага қўшимча пахта топширмоқда. Улар орасида “Умар Шариф”, “Истиқлол”, “Муборак Зарбулоқ” каби пешқадам фермер хўжаликлари бор.



Эркин Ёдгоров, ЎзА
1 333