Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 15:26 Чоп этиш версияси

Халқимиз ишончини мустаҳкамлаётган эзгу ислоҳотлар

Халқимиз ишончини мустаҳкамлаётган эзгу ислоҳотлар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида янги тараққиёт босқичини бошлаб берди.

Ҳаракатлар стратегиясида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларни жадал ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини янгилаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишдек эзгу мақсадлар мужассам бўлиб, одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, 2017-2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида кейинги 5 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,5 баробар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошади. Бундай юксак марраларга эришишга навоийлик кончилар ҳам муносиб ҳисса қўшади, албатта.

Президентимиз раҳнамолигида Навоий кон-металлургия комбинатини ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларга мўлжалланган иккита дастури қабул қилинди. Унга кўра, комбинатга кейинги 10 йилда 27 инвестиция лойиҳаси учун 3 миллиард 63 миллион доллар ажратилди. Бу лойиҳаларнинг амалга ошиши натижасида улкан корхонада қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади ва 31 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Жорий йил март ойида давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи чоғида ана шу лойиҳалардан бири – Ауминзо-Амантай кони негизида 5-гидрометаллургия заводи барпо этишга бағишланган маросимда рамзий тугмани босиб, қурилиш бошланишига старт бергани навоийлик кончиларни янада руҳлантириб юборди. Бундай йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши давлатимиз иқтисодий қудратини янада ошириб, минглаб оилалар, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг турмушини фаровон қилишга замин яратади.

Маҳаллийлаштириш – муҳим йўналиш

Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўрин эгаллаб келаётган кон-металлургия саноати, нефть ва газ кимёси, темир йўл машинасозлиги, автомобилсозлик саноати қаторида кейинги йилларда замонавий қурилиш материаллари, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқлар жадал ривожланмоқда. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда.

Мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири сифатида маҳаллийлаштириш, маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш захираларидан кенг фойдаланиш асосида замонавий рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис юртимизда тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.

Халқимиз ишончини мустаҳкамлаётган эзгу ислоҳотлар

Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам маҳаллийлаштириш дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Корхонада 2017 йилда амалга оширилган импорт маҳсулотларининг деярли ярми кимёвий реактивлар ва реагентлар, юк автомашиналари ва карьер самосваллари учун шиналар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, юртимизга портлатиш воситалари, юқори технологик ускуналар учун минерал мойлар, айрим турдаги металл маҳсулотлари, бурғилаш ускуналари каби маҳсулотлар келтирилмоқда.

Комбинатда яқин истиқболда импортни қисқартириш юзасидан аниқ манзилли чора-тадбирлар кўзда тутилган. 2015 йилда импорт ҳажмини 47,3 миллион АҚШ доллари миқдорида қисқартиришга эришилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткични қарийб 1,7 баробар ошириш мўлжалланган. Бунда импорт ҳажми ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобидан 14,8 миллион, саноат кооперацияси, импорт ҳажми ва таркибини оптималлаштириш ҳисобидан 63,7 миллион доллар миқдорида қисқартиришга эришилади. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2015 йилда 24,4 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилган бўлса, 2021 йилга бориб бу кўрсаткични деярли 3 баробар ошириш режалаштирилган.

2017-2019 йилларга мўлжалланган маҳаллийлаштириш дастури доирасида 41 лойиҳа амалга оширилади. Бугунги кунда дастурга 12 миллиард сўмлик турли дастгоҳлар, кон-шахта ва технологик ускуналар, экскаваторлар учун бутловчи буюмлар ва беркитиш арматураларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ қўшимча 7 янги лойиҳа киритиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 10,8 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилиб, прогноз кўрсаткичи 108,9 фоизга бажарилди. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида қатор саноат корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Комбинат томонидан Сурхондарё вилоятида Термиз механика заводи бунёд этилиши импортни қисқартириш борасида амалга оширилган йирик лойиҳалардан биридир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган ва озиқ-овқат саноати учун 6 турдаги ускуна ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариладиган мазкур корхона фойдаланишга топширилиши билан 85 янги иш ўрни яратилди.

Истиқболда импортни оптималлаштириш ва маҳаллийлаштириш доирасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш режалаштирилгани янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш имконини беради.

Илм-фан ютуқларининг халқаро эътирофи

Ўзбекистон жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар юрти. Оққан дарё оқаверади, деганларидек, мустақиллик йилларида мамлакатимиз нафақат ишлаб чиқариш, балки илм-фан соҳасида ҳам катта ютуқларга эришаётир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида илм-фаннинг аҳамияти эътиборга олиниб, Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий бўлими ташкил этилиши комбинат ва Зарафшон воҳаси ҳаётида муҳим воқеа бўлди.

Бугунги кунда ишлаб чиқаришни илм-фаннинг сўнгги ютуқларидан айри ҳолда ривожлантириб бўлмайди. Комбинат жамоаси эришаётган ютуқларда корхона муҳандис-техниклари ва олимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Улар томонидан ишлаб чиқаришга жорий этилаётган илмий ишланма ва ғоялар комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватини доимий ошириб бориш ва ҳар қандай мураккаб вазиятни ўз вақтида ҳал этишга имкон яратмоқда. Комбинатда ҳозирги кунда 4 нафар фан доктори ва 30 дан ортиқ фан номзоди турли йўналишларда илмий изланишлар олиб бормоқда. Уларнинг илмий кашфиётларини жаҳондаги энг нуфузли илмий марказлар ҳам эътироф этаётир. Жорий йил май ойида Женевадан хушхабар келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан таъсис этилган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг махсус экспертиза комиссияси хулосасига кўра, комбинатнинг бир гуруҳ олим ва мутахассислари мураккаб таркибли олтин рудаларидан олтинни ажратиб олиш технологиясини яратгани учун “Энг яхши ихтирочи” олтин медали билан тақдирлангани, бу юртимиз илм-фани ва металлургиясига берилган юксак баҳодир.

Инсон манфаати ҳар нарсадан устун

Мамлакатимизда ҳар бир йилга алоҳида ном бериш ва шу асосда Давлат дастури қабул қилиш анъанага айланган. Бу маълум соҳани модернизация қилиш, шу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш борасида юксак самаралар бермоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ана шу эзгу анъаналарни янги босқичга кўтарди.

Халқимиз ишончини мустаҳкамлаётган эзгу ислоҳотлар

Халқ манфаатини кўзлаб, амалий фаолият кучайтирилди. Бу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси юксак самаралар бермоқда. Халқ қабулхоналари ўтган қисқа даврда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим роль ўйнайдиган ўзига хос институтга айланди.

“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига жорий йил бошидан буён юридик ва жисмоний шахслардан 3 мингдан ортиқ оғзаки ва ёзма мурожаат келиб тушди. Мурожаатларда асосан аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳадаги камчиликлар, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш каби масалалар кўтарилган. Шуни ҳисобга олиб, бу борадаги ишларни янада фаоллаштириш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, комбинат бўлинмаларида семинарлар, очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Шимолий, Марказий ва Жанубий кон бошқармаларида ўтказилган тадбирларда ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларда юзага келган муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлашда Президентимиз томонидан илгари сурилган «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир» деган эзгу ғоя кундалик шиоримизга айланган. Бугун халқимиз ҳис қилаётган ҳақиқат шуки, давлат идоралари одамлар билан очиқ мулоқот қилишга киришган. Мақсад – халқимизни ҳаётдан рози қилиш, унинг фаровон яшаши учун барча шароитларни яратишдан иборатдир.

Дарвоқе, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида Қизилқум саҳросида қатор бунёдкорлик ва манзилли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида ёшларнинг қизиқиши ва орзу-истакларини инобатга олиб, Учқудуқда ёшлар маркази қуриш топшириғи берилган эди. Наврўз айёми арафасида бу шаҳарда муҳташам “Келажак” ёшлар маркази фойдаланишга топширилди. Замонавий архитектура талаблари даражасида бунёд этилган марказда 11 тўгарак ташкил этилиб, уларда 400 дан ортиқ ёшлар билим ва касб маҳоратини ошираётир. 50 мингга яқин китоб фондига эга, электрон асарлар базаси мавжуд кутубхона ёш авлоднинг китобга қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида Зафаробод қўрғонида 5 миллиард сўм маблағ эвазига “Янги ҳаёт” соғломлаштириш мажмуаси фойдаланишга топширилди. Мажмуада комбинат 5-кон бошқармаси ишчи-ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун маданият ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Қувонарлиси, мажмуадаги ёпиқ сув ҳавзаси йил давомида узлуксиз фаолият кўрсатади. Навоий шаҳри марказидаги “Сўғдиёна” стадиони қайта таъмирланиши натижасида ёшларимиз учун спортнинг футбол, оғир атлетика, кураш, стол тенниси, шахмат каби турлари билан мунтазам шуғулланиш имонияти яратилди.

Бугун замон ўзгармоқда. Шу юрт равнақига ҳисса қўшаман, деган ҳар бир раҳбар шиддатли замонга мос иш олиб бориши, бор куч- ғайратини аҳолининг давлатдан, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун сафарбар этиши, жойлардаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш пайида бўлиши лозим.

Мухтасар айтганда, халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар фуқароларимизда шукроналик туйғусини юксалтириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Қувондиқ Санақулов,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори.

Сирож Асланов (сурат), ЎзА
1 686






Все о погоде - Pogoda.uz