ЎзА Ўзбек

23.06.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро молия корпорацияси томонидан Ипотека-банкка унинг хусусийлаштирилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмларини ошириш мақсадида 35 миллион AҚШ доллари ажратмоқда

Халқаро молия корпорацияси томонидан Ипотека-банкка унинг хусусийлаштирилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмларини ошириш мақсадида 35 миллион AҚШ доллари ажратмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги Фармони билан “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси” тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ Ипотека-банкни Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда хусусийлаштириш чораларини кўриш белгиланган.

Ўзаро ҳамкорлик дастурини амалга ошириш доирасида куни кеча, 2020 йил 22 июнь куни, Молия вазирлиги, Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси, Ипотека-банк ҳамда Халқаро молия корпорацияси ўртасида бир қатор Келишувлар имзоланди.

Ушбу воқеа нафақат Ипотека-банк учун, балки бутун Ўзбекистон банк тизими учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, республика банк тизими тарихида илк бор давлат улуши иштирокидаги банк томонидан акцияларга айирбошлаш имконияти бўлган хорижий инвестициялар жалб қилинмоқда.


Жаҳон банки гуруҳининг таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (ХМК) Ипотека-банкининг хусусийлаштирилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш кўламини кенгайтириш учун 35 млн. AҚШ доллари эквивалентида, миллий валютадаги заёмни тақдим этади. Шу билан бирга миллий валютадаги молиялаштириш, мамлакатдаги етакчи давлат банкларидан бирини рақобатдош хусусий тижорат банкига айланишида ёрдам беради.


Ушбу сармоя ХМКнинг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш дастурини қўллаб-қувватлаш ва давлат банклари сони кўп бўлган мамлакатнинг банк секторига хусусий инвестицияларни жалб қилишдаги стратегик устувор йўналишлардан бирини акс эттиради. Кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, Ипотека-банкининг қайта транформацияси бошқа давлат банкларини хусусийлаштириш учун намуна бўлиб хизмат қилади ва хусусий инвесторларнинг Ўзбекистон банк секторига фаол жалб қилишда хизмат қилади.

"Ўзбекистон ва ХМК ўртасидаги ушбу ҳамкорлик яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига ҳам мувофиқ" – дея таъкидлади Бош-вазир ўринбосари, Жамшид Қўчқоров. "ХМК томонидан тақдим қилинаётган молиялаштириш, ўтган уч йил давомида Ипотека-банк томонидан олиб борилган, банк операцияларини тижоратлаштириш ва уни мустақил равишда фаолият кўрсатадиган молиявий институтга айлантиришга қаратилган чораларнинг муҳим эътирофидир".


Банк тизимини ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида, банкларидаги давлат улушини инвесторларга топшириш кўзда тутилган. Хусусийлаштириш хусусий капитал, халқаро тажриба ва замонавий технологияларни жалб қилади, натижада ушбу жараён банк ва унинг мижозларига ижобий таъсир кўрсатади. Ҳозирги вақтда давлат банкларининг Ўзбекистон банк секторида консентрацияси юқори; мамлакатдаги 30 та банкнинг бештаси тўлиқ давлатга тегишли, қолган саккизта банкда эса давлатнинг 50 фоиз улуши мавжуд.


ХМКнинг Европа, Марказий Осиё, Лотин Aмерикаси ва Кариб ҳавзаси бўйича вице-президенти Жоржина Бейкернинг таъкидлашича: “ХМКнинг молиялаштириши ҳамда сўнгги йиллар мобайнида тақдим этилган маслаҳат хизматлари билан бир қаторда, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг молиявий секторида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича ҳаракатларнинг бир қисмидир. Инвестициялар Ипотека-банкга хусусий секторни капиталга жалб қилиш ва мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнесни кредитлашни кенгайтиришга қаратилган режани самарали амалга оширишда ёрдам беради”.


ХМК Ипотека-банк билан 2017 йилдан буён банкнинг тижорат фаолиятини, корпоратив бошқаруви ва хавфларни бошқариш амалиётини такомиллаштириш орқали институционал трансформациясини амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда, бу эса ушбу инвестициялар учун зарур шарт-шароитларни яратди.


Марказий Осиёда аҳоли зичлиги энг юқори бўлган мамлакат мисли кўрилмаган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмоқда. ХМК ушбу ислоҳот жараёнини асосий соҳаларда инвестиция ва маслаҳат хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирги вақтда ХМКнинг Ўзбекистондаги инвестиция портфели 53 миллион долларни ташкил этади ҳамда молия ва тўқимачилик соҳасидаги лойиҳаларни ўз ичига олади. ХМКнинг маслаҳат дастурлари давлат корхоналарини, шу жумладан давлат банкларининг 2 тасини хусусийлаштиришда; пахта соҳасини ислоҳ қилиш; молия бозорини ривожлантириш ва диверсификация қилиш; соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларида давлат ва хусусий шериклик алоқаларини амалга оширишда ёрдам беради.



3 735
ЎзА