Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.09.2018 10:00 Чоп этиш версияси

Халқаро кўргазма истиқболдаги ҳамкорликка пойдевор бўлади

Халқаро кўргазма истиқболдаги ҳамкорликка пойдевор бўлади
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони келажакда иқтисодиёт тармоқлари, айниқса тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини модернизациялаш, диверсификациялаш ва тараққий эттиришни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамият касб этади.

Маҳаллий ва салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб этиш учун соҳа корхоналарини замон талабларига мос равишда ривожлантириш ва тежамкор ускуналар билан жиҳозлашга қаратилган мазкур ҳужжат ҳамда бошқа қатор қарорларга мувофиқ пахта толаси, ипак хомашёсини чуқур қайта ишлаш, рақобатбардош, ташқи бозорда талаб қилинадиган тайёр, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга киритилди. Натижада юртимизда кўплаб янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди. 

Жорий йилнинг 4-7 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Текстил ишлаб чиқарувчилари халқаро федерацияси билан ҳамкорликда “Uzbekistan Textile Conference” халқаро конференцияси ҳамда “UzTextile Expo” халқаро текстил ва мода саноати кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда тармоқда фаолият олиб бораётган мамлакатимиздаги ҳамда хорижий қатор корхоналарнинг етук мутахассислари тажриба алмашиб, келгусидаги режалари билан ўртоқлашадилар, ўз маҳсулотларини намойиш этишади. 

– Кўргазмада Навоий шаҳридаги “Ишонч гилам” қўшма корхонаси, “Baxt textil”, “Navoiy Tinch Tekstil” масъулияти чекланган жамиятлари, “Navbahor textile” чет эл корхонаси, Зарафшон шаҳрининг “ Велан” қўшма корхонаси, Кармана туманидаги “Richard best silk” масъулияти чекланган жамияти, Конимех туманининг “Qizilqumwooltex”, “Konimextex” масъулияти чекланган жамиятлари, Қизилтепанинг “New Textile Navoi”, шунингдек, “Nurota tikuvchilik”, “Хatirchi textile” жамиятлари, “Хатирчи пилла хазинаси” хусусий корхонаси ва бошқа ташкилотларнинг иштироки кутилмоқда, – дейди вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бўлим мутахассиси Ш.Иброҳимов. – Улар томонидан гилам, калава ип, пайпоқ, туя жуни маҳсулотлари, прессланган жун, тайёр тикувчилик материаллари тақдим этилади. Уларни етказиб бериш, шунингдек, янги инвестицион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш, технологиялар харид қилиш бўйича маҳаллий ҳамда хорижлик инвесторлар билан шартномалар тузиш режалаштирилмоқда. 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА