ЎзА Ўзбек

10.06.2019 16:44 Чоп этиш версияси

Халқаро инвестиция форуми : 320 миллион долларлик битимлар имзоланди

Халқаро инвестиция форуми : 320 миллион долларлик битимлар имзоланди


Наманган шаҳрида 7-8 июнь кунлари “Doing business with Namangan” халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Форумда 500 дан зиёд қатнашчи, жумладан, дунёнинг 36 мамлакатидан келган 230 дан зиёд бизнес доира вакиллари, 100 дан ортиқ хорижий меҳмонлар, аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва хорижий оммавий ахборот воситалари, мамлакатимизнинг чет эллардаги 18 та элчихонаси мутасаддилари иштирок этди. Шунингдек, 8 мусулмон мамлакати – Кувайт, Ўмон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Покистон, Эрон ва Озарбайжондан 100 га яқин ишбилармон қатнашди.

Тадбир ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Абдуалиев, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов нутқ сўзлади.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камолов Наманганнинг иқтисодий салоҳиятига бағишланган тақдимот намойиш этди, ҳудудда бизнес юритиш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди. Вилоят тадбиркорлари томонидан ҳудуднинг экспорт салоҳияти ва тўқимачилик агрокластерлари, чорвачиликни кенгайтириш учун мавжуд шароит, давлат-хусусий шериклиги ва бошқа қатор йўналишларда лойиҳаларни амалга оширишга доир имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Шўъба мажлисларида Наманган вилоятида саноат, қайта тикланувчи муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги, инновация ва туризм соҳаларини ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, тадбир асносида Наманган вилоятининг турли соҳалардаги экспорт маҳсулотлари кўргазмаси, “B2B” ва “G2B” шаклидаги музокаралар ўтказилди.

Халқаро инвестиция форуми иштирокчилари 8 июнь куни Наманганнинг “Истиқлол дизайн”, “Art Soft Teks”, “Merrimed farm”, “Chortoq mineral water”, “Ideal” каби экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик компаниялари фаолияти билан танишди. Хорижлик меҳмонлар “Ахсикент” археологик мажмуаси, “Чортоқ ресорт”, Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуаси ва вилоятнинг бошқа маданий-тарихий, сайёҳлик ва таълим объектларида бўлишди.

Наманган вилояти ҳокимлигида Ҳиндистон, Россия, Австрия, Хитой, Эрон, Сингапур, БАА, Кувайт, Ўмон, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатлар йирик компаниялари вакиллари билан музокаралар ҳам ташкил қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўтказган учрашув якунларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти билан Австрия компаниялари “АМЕ International GmbH” ва “AVK GmbH” вакиллари ўртасида умумий қиймати 10,5 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз кредит жалб этиш бўйича уч томонлама меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат Наманган вилояти кардиология маркази моддий-техник базасини такомиллаштиришга қаратилган.

Ҳиндистоннинг “Ultimate Investment” компанияси раиси М.Гупта билан ташкил этилган музокаралар ҳам самарали кечди. Унда Наманган вилояти ҳокимлиги билан компания ўртасида меҳмонхоналар ва бизнес маркази қуриш бўйича умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг битим имзоланди.

Шу билан бирга, Хитойнинг “Yantag Jimpeng Mining” компанияси билан Поп туманида фойдали қазилмалар қазиб олиш соҳасида 40 миллион АҚШ долларилик лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.

Россиянинг “Торговый дом Тавифа” компанияси билан эса тўқимачилик маҳсулотлари экспорти бўйича 30 миллион АҚШ долларилик шартнома имзоланди.

Форумнинг биринчи куни якунларига кўра, умумий қиймати 170 миллион АҚШ долларига тенг 24 та инвестиция битими ва экспорт шартномалари имзоланган бўлса, иккинчи куни яна 15 та битим бўйича келишувларга эришилди. Шу тариқа, жами умумий қиймати 320 миллион АҚШ долларига тенг 39 та ҳужжат имзоланди.

Форум доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда минтақада илк марта экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлайдиган, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари каталогини ўз ичига оладиган “madeinnamangan.uz” портали ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.

Форум якунида иштирокчилар кўп сонли хорижлик меҳмонларнинг вилоятга ташрифи чет эллик ишбилармонларнинг Ўзбекистонда бизнес юритишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат эканини қайд этди. Бу каби форумларнинг доимий ташкил этилиши мамлакат иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва яхшиланаётган ишбилармонлик муҳити тўғрисида кенг оммани хабардор қилиб бориш имконини бериши таъкидланди.


ЎзА
2 241