Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 12:40 Чоп этиш версияси

Кармана туманида совуткичли витриналар ишлаб чиқарилмоқда

Навоий вилояти Кармана туманидаги “Довуд Кармана” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган совуткичли витриналар, ускуна ва жиҳозлар қулайлиги, бежиримлиги ва юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.

– Корхонамиз фаолиятини 2009 йилда 5 нафар ишчи билан бошлаган, – дейди корхона раҳбари А.Қосимов. – “Микрокредитбанк”нинг Кармана филиалидан олинган 25 миллион сўм кредит маблағи фаолиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этди. Айни пайтда бу ерда 20 га яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулот сифати ва дизайнига алоҳида эътибор қаратамиз. Харидорлар талабидан келиб чиқиб, нисбатан арзон нархларда ишлаб чиқарилаётган совуткичли витриналар дўкон ва расталарда истеъмол молларини сифатли сақлаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

“Довуд Кармана” хусусий корхонасида ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, паррандачилик саноатида қўлланиладиган камералар, автоматлаштирилган бошқарув дастгоҳлари, тухум ва парҳезбоп гўшт маҳсулотлари сақланадиган совуткичлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ишчиларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.

– Болалигимдан темир-терсакка қизиқардим, – дейди пайвандловчи Ф.Каримов. – Кармана саноат касб-ҳунар коллежини битириб, мутахассислигим бўйича ишлаётганимдан хурсандман. Корхонамизда “устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳунар ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бозорда харидоргир бўлган замонавий маҳсулотлар тайёрлашда менинг ҳам ҳиссам борлигидан фахрланаман.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 554






Все о погоде - Pogoda.uz