ЎзА Ўзбек

21.07.2020 Чоп этиш версияси

Карантин қоидаларига тўла риоя этган ҳолда ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш мумкин

Карантин қоидаларига тўла риоя этган ҳолда ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш мумкин

Сирдарё вилоятида пандемия сабабли жорий қилинган карантин даврида 692 та саноат корхонаси вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган эди. Бугунги кунда карантин жараёнининг белгиланган тартибларга тўла амал қилган ҳолда ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятларини қайта тиклаб олишлари учун ҳукуматимиз томонидан бир қатор шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар яратиб берилмоқда.

Ўтган салкам 4 ой вақт мобайнида, яъни пандемия шароитида тадбиркорларга қулайлик яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг доимий даромадини камайишига йўл қўймаслик мақсадида, карантин даври бўлишига қарамай, қисқа муддатда вилоят иқтисодиётини жонлантиришга эришилди. Кўплаб иш ўринлари қайта тикланиб, минглаб одамларнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, вилоятдаги 651 саноат корхонаси ўз фаолиятини қайта тиклаши натижасида 11 минг 763 нафар ишчи-хизматчилар ўз иш ўринларига қайтарилди.

Тўғри, коронавирус пандемияси бизни анча мураккаб аҳволга солиб қўйди. Лекин бу билан ҳаёт тўхтаб қолмаслиги керак. Ҳар қандай шароитда, фуқароларимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун. Бироқ, ишлаб чиқаришни давом эттирмайдиган бўлсак, бутун иқтисодиётимиз издан чиқиб кетиши, эртага бугунгиданда мураккаб вазиятга тушиб қолишимиз мумкин. Шунинг учун 25-50 нафар ва ундан ортиқ ишчи-хизматчилар ишлайдиган турли йўналишлардаги цехлар, фирмалар, умуман, катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклашда давом эттиришимиз зарур.

Ҳозирча, ҳеч қайси бир давлатда коронавирус инфекциясини самарали даволаш учун вакцина ишлаб чиқилгани йўқ. Буни тўғри тушунган ҳолда, тадбиркорларимиз коронавирус юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга юз фоиз риоя этган ҳолда корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўришлари керак. Иш бошлаган корхоналарда ишчи-хизматчилар саломатлигини назорат қилиш, санитария талабларига қатъиян амал қилиб, ишлаб чиқаришни қайта ташкил этган ҳолда фаолиятларини тиклашлари зарур.

Президентимизнинг, тадбиркор бой бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам бой бўлади, деган фикрларига амал қилиб, ишимизни шу асосда барча карантин талабларига тўла риоя этган ҳолда қуришимиз лозим. Тадбиркор бой бўлиши учун эса, унинг корхонаси, фирмаси, ташкилоти, хўжалигида ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши лозим. Буларнинг барчаси сизни, бизни ва ҳар биримизни қўлимиздан келади, деб ўйлайман.

Ҳурматли, тадбиркорлар, корхона, фирма, фермер хўжалиги раҳбарлари, бугунги пандемия шароитида фаолиятингиз барчамиз учун жуда муҳим. Шу боис тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга ҳамда кўмак беришга Савдо саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамиша ёрдамга тайёр.

Лекин сиз ва биз, ҳар бир раҳбар касалликни корхона, ташкилот, фирма, хўжалигимизга, қолаверса, маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, иш жойида ҳам, кўча-кўйда ҳам, жамоат жойларида ва маҳалламиз, уйимизда ҳам карантин талабларига аввало ўзимиз, қолаверса ҳар бир ишчи, хизматчи, ходимларимиз, яқинларимиз, фарзандларимизнинг ҳам риоя этишларига, ўзимиз ва уларнинг саломатлиги олдида аввало, шахсан ўзимиз масъул эканимизни унутмайлик.

Энг асосийси, шу синовли дамларда ҳар биримиз, ҳар бир раҳбар, тадбиркор, ишбилармон ва жамоатчилик вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бир куч бўлиб, сабр-тоқат, маданият билан ҳаракат қилсак, бу дардни албатта енгамиз. Ишлаб чиқаришни ҳам тўлалигича йўлга қўйиб, мамлакатимиз иқтисодиёти равнақига ўз ҳиссамизни қўша оламиз.

Мансур ШEРБEКОВ,
Савдо саноат палатаси Сирдарё
вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи

7 905
ЎзА