ЎзА Ўзбек

13.07.2020 Чоп этиш версияси

Кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш: Ўзбекистон ва хориж тажрибаси...

Кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш: Ўзбекистон ва хориж тажрибаси...

Меҳнат муносабатлари жуда тезкор ва мураккаб кечаётган бугунги даврда ишчи кучини, хусусан кадрлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, замонавий иш жараёни ҳамда меҳнат муносабатларида натижага йўналтирилган бошқарув жуда катта аҳамият касб этади. Шунинг учун хам ривожланган давлатлар бошқарув кадрлар тизимида самарадорликни ўлчаш механизми сифатида KPI тушунчасидан кенг фойдаланилади. KPI (Key performance indicator) – асосий иш самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланиб, ташкилот, бўлим ёки шахснинг фаолият натижадорлиги баҳоланадиган тўпламдир.

Бугунги кунда KPI механизмидан дунёнинг ривожланган давлатлари бошқарув кадрлар тизимида кенг фойдаланиб келади. Масалан «Ҳукумат фаолиятини баҳолаш» тўғрисидаги қонун асосида Жанубий Корея Республикасида ҳар бир вазирлик ўзининг ўрта ва узоқ муддатли стратегияларини ишлаб чиқиш талаби ўрнатилган бўлиб, ушбу стратегияларда аниқ мақсадлар ва уларни баҳолаш учун кўрсаткичлар белгиланиши шарт қилиб қўйилади. Эришилаётган натижаларни баҳолаш мақсадида Жанубий Корея бошқарув тизимида 2 хил баҳолаш усули ўз-ўзини баҳолаш ва махсус баҳолаш амалиёти жорий қилинган. Ўз-ўзини баҳолашни бевосита ҳар бир вазирликнинг ўзи томонидан баҳолаб бориладиган бўлса, махсус баҳолаш давлат томонидан амалга оширилади.

Марказий давлат органига стратегик режа ва жорий йилда амалга ошириладиган йиллик иш режаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган бўлиб, ушбу стратегик режаларни камида ҳар 3 йилда бир маротаба қайта кўриб чиқиш мажбурияти белгиланган.

Кореяда давлат органлари фаолиятини баҳолаш бўйича махсус агентлик ташкил қилинган бўлиб, ушбу агентлик барча давлат органларининг стратегик ва йиллик режаларни қабул қилиб олади ва давлат миқёсида етук мутахассисларни жалб қилган ҳолда баҳолашни амалга оширади. Баҳолаш йилига 2 марта, оралиқ баҳолаш июнь ойида ва якуний баҳолаш декабрь ойида амалга оширилади. Баҳолаш натижаларини Бош вазирга тақдим қилинади. Якуний баҳолаш натижалари бўйича вазирликни молиялаштириш бевосита натижавий кўрсаткичларга боғлиқ ҳолда оширилиши ёки камайтирилиши масаласи Парламент томонидан кўриб чиқилади. Шу билан бирга давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинади.

Кореяда натижага йўналтирилган бошқарув тизимини жорий қилинишида ўзига хос ютуқлари мавжуд. Айниқса Корея давлат органлари фаолиятини баҳолаш механизмига ахборот технологиялар қўллаши катта самара берди. Давлат органлари фаолиятини баҳолашда яратилган e-IPSES тизими юқори самарадорликка эга.

Давлат бошқаруви органлари самарадорлигини оширишда давлат хизматчиларининг шахсий самарадорлиги жуда муҳим. Айнан давлат хизматчиларининг шахсий самарадорликлари давлат органи самарадорлигини белгилайди. Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчиларини баҳолаш тизими уларни моддий мотивациялаш омили сифатида хам хизмат қилади. Мисол учун Жанубий Корея Президенти Ким Де Чжун 1999 йилда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига киритган ўзгартиришларга асосан давлат хизматчиларининг иш ҳақига қўшимча бонуслар жорий қилинган. Ушбу бонусларга кўра юқори самарага эришган ходимларга базавий тарифига қўшимча тўловлар киритилди. Бунда энг юқори самарадорликка эришган 10% ходимга 150%, 10-30 % оралиқдаги ходимларга 100% ва 30-70% оралиқдаги ходимларга 50% бонусли иш ҳақи қўшиб берилиши белгиланган. Бу эса ходимларни айниқса давлат бюджети ҳисобига фаолият юритувчи кадрлар қатламини иш самарадорлигини янада ошишига хизмат қилади.

Давлатимиз томонидан ҳукумат хусусан маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш масаласи борасида кейинги йилларда қатор чоралар кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан 2020 йил апрель ойидан бошлаб синов – тажриба тариқасида Урганч шаҳри, Ҳазорасп, Янгибозор ва Янгиариқ туманлари ҳокимликлари раҳбарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида мунтазам баҳолаб бориш амалиёти жорий этилди.

Шу асосда мазкур туманларнинг ҳоким ўринбосарлари учун алоҳида тартибда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари – баҳолаш индикаторлари белгиланди. Самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқишда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ваколатли орган сифатида белгиланди. Мазкур амалиётнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки биз юқорида келтирган Корея тажрибасидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий давлат ҳокимиятини ташкил этиш билан боғлиқ амалдаги нормалардан фарқли равишда, мазкур туманлар раҳбар ходимларининг моддий таъминот масаласи уларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ҳолатига қараб белгиланадиган бўлди. Бу эса албатта натижавий бошқарувнинг муҳим омилларидан саналади.

Аммо давлат бошқарувидаги KPI асосида жорий этиладиган амалиёт бошқарув кадрлари тизимини ташкил этиш билан боғлиқ бир қанча муаммоли масалаларни олдимизга қўймоқда.

Биринчидан, KPI индикаторларини ишлаб чиқишда аниқ, реал ва объектив талаблар белгилаш масаласи. Яъни туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари учун белгиланган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари сифатида ёшлар бандлиги кўрсатилган. Ижро ҳокимияти тизимида эса бандлик органлари фаолиятини мувофиқлаштириш молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосар ваколатида туради. Шунга ўхшаш ваколатлар ва мажбуриятлар белгиланишида муаммоли вазиятлар келтириб чиқармайдиган аниқ, тизимли индикаторларнинг белгиланиши тегишли раҳбар фаолиятини ҳам самарадорлик кўрсаткичларини ошишига, ҳамда реал ва объектив баҳолаб борилишга имкон беради.

Иккинчидан, баҳолаш индикаторларини белгилашда ҳудудларнинг индивидуал хусусиятларини инобатга олиш зарур. Булар демографик, этник, диний, ижтимоий, иқтисодий ва ҳоказо. Бунда республикамизнинг кўп миллатли эканлиги, туманларни иқтисодий ихтисослашуви ва аҳолининг тирикчилик манбаининг бир – биридан фарқланиши, ижтимоий характернинг хилма-хиллиги кабилар инобатга олиниши зарур. Мисол учун Андижон вилоятини Қўрғонтепа тумани ҳудуди билан Хоразм вилоятини Қўшкўпир тумани ери, аҳолиси ижтимоий - иқтисодий турмуш шароити турлича. Ўз-ўзидан бу ҳудудларнинг бошқарув кадрлари фаолиятига ҳам турлича ёндашув зарур бўлади.

Учинчидан, бошқарув кадрлари фаолиятига прогноз кўрсаткичлар белгилашда хам реал ва ҳаққонийликка алоҳида эътибор зарур бўлади. Бунда албатта ҳудуд имкониятлари билан бирга, умумдавлат ва глобал миқёсдаги жараёнлар хам ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқдир. Масалан бутун дунё пандемияга қарши кураш чораси сифатида таълим муассасалари фаолиятига чекловлар ўрнатаётган пайтда таълим кўрсаткичларини кескин оширишга талаб қўйиб бўлмайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки бугунги тезкор ахборот ва глобаллашув даврида кадрлар захираси хусусан бошқарув кадрлари тизимида KPI механизмини тўғри қўллаш, кутилаётган натижага эришишда, давлат ва жамиятнинг ривожланишида ижобий самара беради.

Иноят Хажиев,
Ўзбекистон Республикаси
Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини
ривожлантириш агентлиги
Хоразм вилояти филиали раҳбари

6 751
ЎзА