Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 14:36 Чоп этиш версияси

Кўп тармоқлилик кўп даромад демакдир

Кўп тармоқлилик кўп даромад демакдир Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида фермерлик ҳаракати қишлоқда етакчи кучга айланди. Бу аграр соҳа рентабеллигининг ортиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш, қишлоқда саноатнинг ривожланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларда юксак самаралар бермоқда.

Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги “Нишон кўзгу” кўп тармоқли фермер хўжалиги мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, катта муваффақиятларга эришаётган хўжаликлардан.

– Суягим меҳнатда қотган, фермерлик ишига ҳам тез мослашдим, – дейди хўжалик раҳбари Шерзод Узоқов. – Бунда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар муҳим омил бўлди. Дастлабки йилиёқ ғалла ва пахтадан белгиланган шартнома режасини ортиғи билан уддаладик. Ҳозирги кунда тасарруфимизда 67 гектар ер майдони мавжуд. Унинг 36 гектарида пахта, 20 гектарида ғалла парваришлаймиз. Бу йил 10 гектар майдонда экспортбоп қовун етиштиришни ҳам мўлжаллаяпмиз. Бир гектарлик интенсив боғимизда ярим пакана олма ва олхўри кўчатлари ўтқаздик. Бир-икки йилда ҳосилга кириб қолади. Чорвачилик ҳам хўжалигимизнинг асосий тармоқларидан. Чорва моллари наслини яхшилаш мақсадида хориждан зотдор қорамол келтирганмиз. Айни пайтда хўжалигимизда 65 бош наслли қорамол, 100 бошдан кўп қўй-эчки боқилмоқда.

Даромад кўпайса, янги режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконияти ҳам ортади. Давлатимиз томонидан бундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш учун етарлича имтиёз ва қулайликлар яратилган. Ишнинг кўзини биладиган тадбиркор бу имкониятлардан самарали фойдаланади. Шерзод Узоқов ҳам шундай қилди. Қарши шаҳрида автоматлаштирилган кушхона, гўштни сақлаш ва қадоқлаш комплекси ташкил этди. Бунинг учун хориждан замонавий ускуналар олиб келинди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи давомида бизнинг лойиҳа билан ҳам танишиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш борасида қимматли тавсияларини берди, – дейди фермер. – Аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, юқори иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, шу орқали янги иш ўринлари яратишда фаол бўлиш керак, деди ва биз, қишлоқ мулкдорлари буни уддалашимизга юксак ишонч билдирди. Давлатимиз раҳбари бундай кушхоналарни барча ҳудудда ташкил этиш озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Мини-комплекс 1,5 гектарга яқин ҳудудни эгаллаган бўлиб, ундан замонавий кушхона, гўшт сақлашга мўлжалланган совуткич, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган мини-цех, 10 сотихли иссиқхона, гўшт ва гўшт маҳсулотлари дўкони ўрин олган.

– Барча юмуш автоматик тарзда босқичма-босқич амалга оширилади, – дейди иш бошқарувчи Комил Узоқов. – Бу ерда кунига 100 бош қорамол, 200 бош қўй сўйиш мумкин. Чорва молларини сўйишда санитария-гигиена талабларига алоҳида эътибор қаратилади. Ишчилар учун махсус кийимлар, ювиниш хоналари, ветеринария лабораторияси ва бошқа қулайликлар мавжуд. Бино доим тоза ва озода. Комплексимизда мижозлар учун ҳам барча шароит муҳайё. Шинамгина дам олиш хонаси ва ошхона улар ихтиёрида.

Ҳа, бу ерда ишлар тизимли йўлга қўйилган. Бу каби истиқболли лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида хўжаликда касб-ҳунар коллежини битирган 100 га яқин ёш мутахассис иш билан таъминланди.

– Ўсимликлар парваришига жуда қизиқаман, – дейди иссиқхона ишчиси Элёр Неъматов. – Иссиқхонамизда 50 туп лимон, шунингдек, помидор ва бодринг кўчатларини парваришлаяпмиз. Томчилатиб суғорамиз. Ҳар бир туп помидор-бодрингдан 10 килограммгача ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз.

Фермерлик ҳаракати ривожланиб, кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафининг кенгайиши нафақат аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга, балки вилоят иқтисодиётининг юксалиши, халқимиз фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
2 760






Все о погоде - Pogoda.uz