ЎзА Ўзбек

18.08.2015 19:44 Чоп этиш версияси

Истиқболли янги лойиҳалар

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида мустақиллик йилларида мамлакатимиз енгил саноатида эришилган ютуқлар таҳлил қилинди.

Истиқлол йилларида енгил саноат мамлакатимиз макроиқтисодиёт комплексида муносиб ўрин эгаллади. Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган қулай шароитлар, имтиёз ва преференциялар, мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база тармоқ корхоналарига салмоқли ютуқларга эришиш ва янги марраларга чиқиш имконини бераётир.

Қуйидаги рақамлар ҳам енгил саноатнинг иқтисодиётимизни ривожлантиришда нечоғли муҳим ўрин тутишидан далолат беради: бугунги кунда тармоқнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 3,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ҳажмида 26,2 фоиз, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 44 фоиздан ортиқни ташкил этаётир.

Матбуот анжуманида чет эл инвестициялари ва технологияларини жалб этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, илғор хориж тажрибаси асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган самарали сиёсат юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эришишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бунинг самарасида тармоққа 2,2 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб этилди ва 180 дан зиёд йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Бугунги кунда тармоқ корхоналарида 70 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда.

Қўқон тўқимачилик комбинати негизида ташкил этилган “Индорама Қўқон текстиль” қўшма корхонаси энг муҳим лойиҳалардан биридир. Йилига 29 минг тонна калава ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу лойиҳанинг қиймати 110 миллион долларни ташкил қилади. Хоразм вилоятида “Ўзтекс” корхоналари гуруҳи томонидан “Свис Капитал” (Швейцария) компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган, умумий қиймати 50 миллиондан ортиқ бўлган ва йилига 12 минг тонна калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ҳам кенг кўламли лойиҳалардан биридир.

Тадбирда тармоққа юқори самарали замонавий технологияларнинг жорий этилиши маҳсулот экспорти ҳажмини кенгайтириш имконини бераётгани қайд этилди. Чунончи, мустақиллик йилларида ушбу кўрсаткич 120 марта ўсиб, 2014 йил якунларига кўра 1 миллиард доллар даражасига етди. Ҳолбуки, 1991 йилда бу кўрсаткич 7 миллион доллар эди, холос. Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотлари дунёнинг 50 мамлакатига экспорт қилинмоқда.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида умумий қиймати 99 миллион доллар, экспорт салоҳияти 43,1 миллион долларни ташкил этадиган 18 корхонани ишга туширишни режалаштирмоқда. Ушбу корхоналарда мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, компания янги ўқув йили арафасида мамлакатимиз бўйлаб мактаб ярмаркаларини ўтказишда фаол иштирок этмоқда. Ушбу ярмаркаларда юртимизда ишлаб чиқарилган мактаб ва спорт кийимларини харид қилиш мумкин. Компания маълумотларига кўра, мазкур ярмаркалар ўз самарасини бераётир. Хусусан, 2012 йил якунлари бўйича 770 минг дона кийим сотилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 835 минг, 2014 йилда 935,4 мингтани ташкил этди. Жорий йилда 985 мингта мактаб ва спорт кийимини сотиш кўзда тутилган.

Тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, шунингдек, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда тикувчилик ва тикувчилик-трикотаж тармоғини ривожлантириш учун синтетик тола ва ип ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компаниясининг устувор йўналишларидандир.

Меҳрибон Маметова, ЎзА
8 321