Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 18:22 Чоп этиш версияси

Истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда

Ўзбекистон дунё тўқимачилик бозорининг энг фаол иштирокчиларидан биридир.

Юртимизда истиқлол йилларида мазкур тармоқ тараққиётига алоҳида аҳамият қаратилгани туфайли у иқтисодиётнинг замонавий технологияларни ўзида мужассам қилган илғор жабҳаларидан бирига айланди. Соҳа корхоналари эса энг жозибали бизнес субъектлари сифатида хорижлик инвесторлар назарига тушди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланди.

Президентимиз томонидан пухта ўйланган иқтисодий сиёсатнинг изчил амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлиги, жумладан, тўқимачилик комплекси самарадорлигини ошириш, пахта толасидан юқори қўшимча қийматга эга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда экспорт таркибида унинг улушини кўпайтиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларда дастуриламал бўлмоқда.

– Мамлакатимизда 2017-2018 йилларда енгил саноатни ривожлантириш дастури доирасида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти бош мутахассиси Содиқ Бобоқулов. – Дастурга асосан 132 инвестицион лойиҳа бажарилиши кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, истиқлол йилларида 2,5 миллиард доллар хориж сармояси эвазига 300 дан зиёд йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилди. Тармоқ корхоналари дунёнинг етакчи корпорацияларининг замонавий технологик асбоб-ускуналари билан жиҳозланган.

Мамлакатимизда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш ҳажми таъминланмоқда.

Жанубий Корея билан ҳамкорликда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошида замонавий Ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопарки лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг ишга туширилиш муддати 2018 йил сентябрь ойига режалаштирилган.

Матбуот анжуманида янги лойиҳалар самарасида, жумладан, юртимизнинг олис ҳудудларида ўттиз мингга яқин иш ўрни яратилиши қайд этилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
2 066






Все о погоде - Pogoda.uz